Карантин шароитлари табиийки хилма-хил. Дастлаб келганлар махсус санаторийларга жойлаштирилди. Кейин сиҳатгоҳлар тўлиб боришига қараб шифохоналар, ётоқхоналарга вақтинча жойлаштиришлар бошланди. Шароит турлича бўлса-да, энг муҳим талаблар ҳамма жойда таъминланди – карантиндагиларга бепул овқат, ётоқ жой, доимий тиббий назорат ва зарур ҳолларда дори-дармон етказиб туриляпти.
Улар жойлашган ҳудуд мунтазам қўриқланяпти, тинчлик ва карантин режимини сақлаш учун бир неча хизматлар тун-у кун сафарбар қилинган.
Аммо мана шу вазиятни тушунмайдиган, ҳолатни кўра-била туриб норозилик билдирадиган, қаршилик кўрсатадиган ва қочиб кетишга уринганлар чиққани жуда қизиқ бўлди. Қочиб кетганлар тутиб келингани ва жазога тортилгани алоҳида мавзу. Ҳозир яратилган шароитлардан норози бўлганлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Дастлаб Қибрайдаги сиҳатгоҳларнинг бирига жойлаштирилганлар хоналар чанглиги, ҳаммомлар кўнгилдагидек эмаслигини атрофлича тасвирга тушириб, дод солиб чиқишди. Қизиғи, улар кўрсатаётган видеода инсон нафақат мураккаб вазиятда яшаб туриши, ҳатто дам олиш мақсадида ҳам маълум муддат бўлиши учун етарли шароит бор эди. Ачинарлиси, ўша дод-вой қилаётганлар аёл кишилар бўлиб, гап сўзларидан мутлақо соғлом эдилар.

Хўш, соғсан, аёл кишисан, вақтинг бемалол – сен ётадиган (аслида сен айтаётгандай ифлос ҳам бўлмаган) жойни кимдир келиб тозалаб бериши керакми? Ўзингни қўлингдан келмайдими?
Яна бири ёнма-ён қўйилган каравотлардаги оппоқ чойшабларни тортқилаб бу жойда ётмаслигини иддао қилади. Барака топгур, ҳеч ким сени дам олишга, ўйнаб кулишга олиб келгани йўқ. Бу 14 кунлик курорт эмас – карантин!
Россиядан келтирилганларнинг бир тоифасики ҳаммасидан ошиб тушди. Улар бир хонага 5-6 киши жойланганини, ҳаммом ва ҳожатхоналар умумий эканидан нолиб, айюҳаннос солишди.
Сал орқага қайтсак. Шу юртдошларимиз олиб келинмаганида, аэропортларда қолиб кетганларида нима бўларди? Ахир қанчаси қолиб ҳам кетди-ку. Майли, олиб келиниб, жойлаштирилган шароитдан, берилган овқатдан норози эканлар. Россияда шу пайтга қадар беш юлдузли VIP меҳмонхонада яшаб келишганми?
Россияда бир хонадонда ўнлаб, ётоқхоналар юзлаб кишилар бир жойда яшашларини ўз кўзимиз билан кўриб келганмиз-ку.



















