Ўзбекистон | 12:35 / 12.04.2020
10680
3 дақиқада ўқилади

Автомашинани стикерсиз бошқарганлик учун жаримани карантиндан кейин тўлашга рухсат этиладими?

Адлия вазирлиги Бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда аҳолидан келган саволларга жавоб берди

Автомашинамни рухсатномасиз бошқарганлигим учун 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилганман? Президентимиз қарори билан жаримани карантиндан кейин тўлашга рухсат этилгани тўғрими?

Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5978-сон Фармонига кўра, карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилиши белгиланган. 

Шундан келиб чиқиб, сиз карантин қоидаларни бузганлигингиз учун Сизга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни тўлаш муддати узайтирилмайди. 

Бундан ташқари, мазкур норма фақат карантинга олинган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Хусусий клиниканинг бош врачиман, лекин бизда хизмат машиналаримиз йўқ, шахсий транспортда ҳаракатланса бўладими?

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги қарори билан Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартибига кўра, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига рухсатномасиз ҳаракатланиши белгиланган эди. 

Махсус комиссиянинг 2020 йил 8 апрелдаги қарори билан Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатдан чиқарилиб, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатда қолдирилди.

Мазкур рўйхатда хусусий тиббиёт муассасалари ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларида ҳаракатланишларига рухсат этилмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишни талаб қилишга ҳақлими? 

“Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи “Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ва Ҳукуматнинг 176-сон қарорига мувофиқ жорий этилгани боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айнан ички ишлар органлари “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролардан қонунчиликка риоя қилишларини, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда уларни мажбурлаш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид