Ўзбекистондаги карантин кунлари иқтисодиёт учун ҳам, аҳоли учун ҳам жиддий синов бўлди. Айниқса, молиявий захирага эга бўлмаган ва ҳатто яхши ишлаб турган иқтисодиёт даврида ҳам камбағаллик ёқасида бўлганлар жиддий жабр кўрмоқда.

Кўпчилик учун бу фавқулодда вазият инсонийлик синовига айланди. Тошкентда дастлабки кунларданоқ аҳолининг заиф қатламларини: ногиронлар, кекса ёшлилар ва кўп болали оилаларни, шунингдек кунлик даромадларини йўқотганларни қўллаб-қувватлаш учун кўнгиллилар ҳаракати йўлга қўйилди.

Юзлаб одамлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, ўзи учун захиралаб қўйган маҳсулотларини баҳам кўришди, гарчи улар ўзлари молиявий қийин аҳволда бўлсада, ёки шундай ҳолатга тушиб қолиш эҳтимоли бўлишига қарамай, бир-бирларига ёрдам беришмоқда. Тадбиркорлар ҳам минглаб оилаларга ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш орқали ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Халқимизда жуда ажойиб хусусият бор − меҳрибонлик

«Ўзэкспомарказ»да Ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди ва фаолият юритмоқда, унда Ёшлар иттифоқининг 150 нафар кўнгиллилари ҳамда тиббиёт олийгоҳи талабалари ишлашмоқда. Шаҳарнинг барча бурчакларидан хайрия оқими шу марказга тўпланади. Кейин хайрия маблағлари орқали сотиб олинган ёки тақдим этилган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тарқатилиб, манзилларга етказилади. 2 апрелдан 13 апрелга қадар 27 мингдан ортиқ озиқ-овқат пакетлари манзилларига етказиб берилди.

Шу ўринда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ёрдамнинг тубдан янги шаклини ишлаб чиқди ва жорий этди. Бу стратегия пандемия даврида ёрдам олаётганлар билан ўзаро контактларни қисқартиришга имкон беради, чунки карантин қоидаларига риоя қилиш ва ижтимоий масофа сақлаш жуда муҳимдир.

Саида Мирзиёева:

«Бугунги таҳликали кунларда ўн минглаб одам бир-бирига ёрдам қўлини чўзмоқда, қалбининг бир парчасини бериб, бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.

Энг муҳими эса, одамлар нафақат ёрдам беришмоқда, балки борини баҳам кўришмоқда. Улашиш — бу муҳтож бўлган кишига ёрдам бериш учун ўзининг фаровонлигининг бир қисмини беришни англатади.

Меҳрибонлик ва саховат — халқимизнинг ажойиб белгиларидир. Ҳозир қийин аҳволда бўлганларга ёрдам бераётган барчадан жуда миннатдормиз.