BBC рус хизмати коронавирус пандемияси бўйича сўнгги маълумотларни жамлади. 15 апрель куни бутун дунё бўйлаб Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари 2 миллионлик нуқтадан ўтди, ўлимлар сони - 131 мингдан ошган. Шунингдек, ярим миллиондан ортиқ киши соғайган.

Зарарланиш ҳолатларининг 622 мингдан ошиғи АҚШда қайд этилган. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич. Дунёда пандемиядан зарарланиш ҳолатлари ярим миллионлик нуқтадан 2 апрель куниёқ ўтганди.

BBC нашрининг статистика бўлими раҳбари Роберт Кафф эса вирусдан зарарланганларнинг ҳақиқий сони кўпроқ деган фикрда.

Икки миллионлик рақам нимани англатади?

Аслида вирус икки миллионлик нуқтадан аввалроқ ўтиб бўлган - тасдиқланган ташхислар асосидаги расмий рақамлар - бу ҳақиқий зарарланишларнинг бир қисми.

Статистикада қайд этилиши учун беморга ташхис қўйилиши керак, бунинг учун эса у шифокорга мурожаат қилиши талаб этилади.

Кўплаб беморларда касаллик аломатлари бўлмайди ёки енгил симптомлар кузатилади. Бундай беморлар эса қоидага кўра шунчаки ўз уйида иҳоталанади ва уйида қолади, улар статистикага киритилмайди.

Британиядаги статистик маълумотлар яқин вақтларгача шифохоналардаги фақат энг оғир аҳволдаги беморлар бўйича юритиб келинарди.

Тасдиқланган ҳолатлар ўсиши динамикаси қайси давлатда эпидемия қай ҳолатда эканини кўрсатиши керак: вирус тарқалиши тезлашаётгани, барқарор қолаётгани ёки пасаяётганини.

Аммо рақамлар ҳақиқий кўламни ифодалай олмайди - на бир алоҳида давлатда ва на бутун дунёда.

Еврокоммиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен чоршанба куни Европада карантин чораларини мувофиқлашган ҳолда бекор қилиш бўйича режани тақдим этди. Ҳужжатда ҳукуматлар карантин чораларини юмшатишдан олдин ҳисобга олиши керак бўлган мезонлар ҳамда қатъий карантин чоралари бекор қилинганидан кейин амал қилиниши керак бўлган тамойиллар ифодасини топган.

Лойиҳада жумладан қуйидагилар ўрин олган: карантин режимидаги ўзгаришлар тўғрисида бошқа аъзо давлатларни хабардор қилиш, карантинни босқичма-босқич енгиллаштириш, хатар гуруҳидаги фуқаролар – кексалар ва сурункали касаллиги бўлганларни коронавирус юқтиришдан ҳимоя қилиш. 

Ҳаракатлар режаси Еврокомиссия сайтида батафсил баён этилган. Ундаги асосий жиҳатлар - барчасини босқичма-босқич амалга ошириш ва карантин чораларини бекор қилиш ҳақидаги қарорни фақатгина Covid-19 ҳолатлари жиддий камайганида қабул қилиш ҳамда вирус мамлакатда тарқалишини диққат билан кузатиб бориш.