20 март куни тадбиркор-инноватор Илон Маск твиттердаги саҳифасида «болалар учун коронавирус хавфли эмас» деб ёзганидан сўнг, унинг бу гапи кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу баҳсга кўзга кўринган шифокорлар ҳам қўшилди ва уларнинг билдиришича Илон Маск қисман ҳақ, болалар коронавирусдан ҳимояланмаган, хавфли вирус уларга ҳам юқади, улар вирусни катталарга нисбатан осон енгади. Яъни, болаларда бу касаллик одатда ўлимгача олиб бормайди ва унинг асорати ҳам қолмайди. Хуллас, ёш организм вирусни осонроқ енгади.

Бироқ болаларда коронавирус асоратлари оғирроқ кечиши ҳақида ҳам бир неча хавотирли тахминлар йўқ эмас.

Деярли бутун дунёда вирус хавф солиши билан аввало боғча ва мактабларнинг ёпилиши, шунингдек, жамиятда ижтимоий масофани сақлаш бўйича кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар ота-оналарда фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаб хавотир ҳамда турли саволлар пайдо қилмоқда. ВВС эълон қилган қуйида мақолада коронавируснинг болаларга таъсири ҳақидаги турли саволларга жавоб берилади.

1. Болаларга коронавирус юқадими?

Ҳа, коронавирус катталар сингари болаларга ҳам юқади ва уларда ҳам Covid-19 аломатлари пайдо бўлади.

«Пандемия бошланишида кўпчилик коронавирус болаларга юқмайди деб ўйлади, аммо кейин маълум бўлдики, бу хавфли вирус катталарга қандай бўлса, болаларга ҳам ўшандай юқади. Фақат болалар касаллик даврини катталарга нисбатан енгил ўтказади», деб тушунтирди Оксфорд университети юқумли касалликлар бўйича педиатр ва иммунология профессори Эндрю Поллард.

Хитойнинг касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказининг 20 февралдан бошлаб ўтказган таҳлилларига кўра, 72 314 нафар беморнинг атиги 2 фоизини 19 ёшгача бўлганлар ташкил этган.

АҚШда ўтказилган тадқиқотлар эса коронавирусга чалинган 508 нафар болада бирорта ўлим ҳолати юз бермаганини кўрсатган. Вирус юқтирган болалар жами беморларнинг атиги 1 фоизини ташкил этган.

«Дастлаб вирус катталар ўртасида тарқала бошлади, бу табиий, улар вирусни одам кўп бўладиган жойларда, шунингдек, саёҳатларда юриб юқтирган. Энди эса карантин туфайли улар уйларида фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказишяпти ва шу сабаб вирус юқтирган болаларнинг сони ошиб боряпти», дейди Буюк Британиядаги Саутҳемптон болалар шифохонасида болалар юқумли касалликлари бўйича маслаҳатчи Санжай Пател.

Хавфли вирусни болалар катталарга, айниқса кексаларга қараганда камроқ юқтирмоқда, аммо бу маълумотлар алдамчи бўлиши ҳам мумкин. Сабаби аксарият мамлакатларда Covid-19 симтомларини юқтириб фақат аҳволи оғирлашган беморлар касалхоналарга олиб келиняпти. Табиийки, ҳисоботлар касалхонада рўйхатдан ўтганларга қараб юритилади.