Кўплаб мамлакатларнинг карантин даврида асосий эътиборни таълимга қаратгани эътиборга лойиқ. Масалан, коронавирус илк бора қайд этилган Хитойда 17 февраль куни ўқувчилар учун бепул ўқув материаллари билан таъминлайдиган «Миллий булутли платформа» ишга туширилди. 7000 та сервер ва 90 терабайт ҳажмдаги маълумотларни ўтказиш қобилиятига эга платформа 50 миллион ўқувчига бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Францияда «Менинг синфим уйда» рақамли платформаси яратилди. Бунда компьютер, планшет ёки мобиль телефонидан фойдаланган ҳолда ўқувчилар тўрт ҳафталик масофавий курсларда таълим олиш ҳамда ўзлаштиришига оид шахсий маълумотларини тўплаб бориш имконияти яратилди.

Японияда давлат-хусусий шерикчилиги асосида, хусусий компаниялар томонидан уйда қолган ўқувчилар учун бепул таълим олиш имкониятини берадиган платформа ишга туширилди.

Google ва Microsoft каби йирик компаниялар таълим олиш ва ишлаш учун мўлжалланган рақамли воситалар имкониятларини кенгайтирди.

Пандемия таъсирида Ўзбекистонда ҳам 16 мартдан бошлаб барча турдаги давлат ва нодавлат таълим муассасалари ёпилди. 30 мартдан бошлаб 3та телеканал орқали 6 миллиондан ортиқ ўқувчи учун онлайн дарсларни 3та тилда (ўзбек, рус ва қорақалпоқ) эфирга узатиш йўлга қўйилди.

Теледарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган, яъни кар ва заиф эшитувчи болаларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон таржима қилинмоқда.

Ўқувчилар ва ота-оналар учун дарс жадвали, уйга вазифалар ҳамда олган баҳоларни кўриш имконини берувчи kundalik.com тизими жорий этилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD – ИҲТТ) таҳлилига кўра, мактаб директорларининг тўртдан бир қисмига рақамли технологиялар етишмаслиги ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу кўрсаткич Сингапурда 2 фоиз, Франция ва Италияда 30 фоиз, Вьетнамда 80 фоиздан юқорини ташкил этади.

Уйда ўқишга ҳаммада ҳам шароит бор эмас

Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA маълумотига кўра, аксарият мамлакатларда рақамли форматга ўтишда бир қатор камчиликлар бор. Жумладан, Жанубий Кореяда ижтимоий ва иқтисодий ночор мактабларнинг чорак қисмидаги ҳар бешинчи ўқувчисида уйда ўқиш учун шароити йўқ.