Жаҳон | 08:15 / 20.04.2020
23932
3 дақиқада ўқилади

«Ғалати, лекин иш беряпти» – Колумбия пойтахтида аёл ва эркакларнинг бир кунда кўчага чиқишига тақиқ қўйилди

Лотин Америкасига коронавируснинг кириб келиши ҳудуддаги давлатларни турлича усуллар билан вирус тарқалишининг олдини олишга ундамоқда. Масалан, Колумбия пойтахти Боготада аёл ва эркакларга бошқа-бошқа кунларда кўчага чиқишга рухсат берилмоқда.

Фото: Raul Arboleda/Agence France-Presse — Getty Images

Боготадаги озиқ-овқат расталарида, хиёбонларда, мотоциклларда, хуллас, ҳамма ерда фақат эркаклар, дея шаҳардаги вазиятни тасвирлайди The New York Times нашри.

«Бу чеклов ғалати, лекин иш беряпти», – дейди ўша манзарадаги ёлғиз аёл – ҳамшира Ардриана Перез.

Колумбиядан олдин Панама ҳам кўчага чиқувчи одамлар сонини жинслар тамойили асосида чеклашни жорий этганди. Бунда ҳафтанинг тоқ кунлари фақат эркаклар, жуфт кунлари фақат аёллар уйдан кўчага чиқиши мумкин.

Қоидабузарлар бир ойлик ўртача иш ҳақи миқдорида жарима тўлайди

Фото: The New York Times

Боготадаги кунлик навбат билан кўчага чиқиш тартиби баъзи одамлар учун, масалан, озиқ-овқат саноати ва тиббиёт тизимида ишлайдиганлар учун ёки айрим зарурий ҳолатларда истисно қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, уй ҳайвонларини сайрга олиб чиқувчи ҳар қандай жинс вакилига ҳам кунига 20 дақиқага кўчага чиқишга рухсат этилади. Булардан ташқари, рухсат этилмаган пайтда кўчага чиқиб қоидани бузган шахсга 240 доллар жарима солинади. Бу пул Колумбиядаги ўртача бир ойлик иш ҳақига тенг.

Богота мэри Клаудия Лопезнинг айтишича, аҳолини бу тарзда жинсий ажратиш – ҳуқуқбузарларни аниқлашда полиция учун энг қулай йўлдир.

Фото: The New York Times

Колумбия карантин давридаги бу айириш тартиби Боготанинг жуда яхши танилган йўл ҳаракати тартибига ўхшаб кетади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Богота – 8 миллион аҳоли яшайдиган, дунёдаги энг тирбанд йўл қатновига эга шаҳарлардан бири. Шунинг учун ҳукумат машина авторақамларининг охирги сонларига қараб, уларга белгиланган кунларда кўчада ҳаракатланишга рухсат беради.

Карантин юзага чиқараётган иқтисодий танглик

Фото: The New York Times

Колумбияда карантин қоидалари жорий этилганига 1 ой бўлди. Ҳаракатнинг чекланиши, асосан, кунлик ва ҳафталик иш билан ноқонуний тарзда ишлаб оиласини таъминлаётганлар учун қийин бўлмоқда.

Масалан, Есика Бенавидес исмли аёлнинг Богота кўчаларидан бирида эркаклар орасида ширинлик сотишга ҳаракат қилаётгани кузатилди. Унинг қўлқопи ҳам, ниқоби ҳам йўқ эди. Чунки аёл ўзида бор ёлғиз ниқобини ўзи билан кўчага олиб чиққан 3 ёшли ўғли Николга тақиб қўйган эди.

«Биз ҳар куни кўчага чиқамиз. Агар чиқмасак, оч қоламиз», – дейди Есика.

Унинг айтишига қараганда, ёнидаги ўғли Николдан ташқари яна 2 фарзанди ижара хонада қолган. Ижара учун эса ҳар куни пул тўлаш керак.

Янги карантин тартиблари Боготада тиланчилик ҳолатларини ҳам кўпайтирмоқда.

Айни пайтга келиб, Колумбияда коронавирус юқтириб олганлар сони 3600дан, қурбонлар 150 нафардан ошган.

Мавзуга оид