– Ассалому алайкум, Ботиржон ака, жуда кўп ўзбекистонликларнинг ташқи иқтисодий фаолияти Россия билан боғлиқ бўлгани учун сўрамоқчиман, у ерда вирусга қарши кураш қандай кечмоқда, юқори ва маҳаллий раҳбарлар қандай чоралар кўряпти?
– Ваалайкум ассалом, Россия ҳукумати ўзи учун керакли бўлган қарорларни қабул қиляпти. Вазиятга қараб одамларни ўзини иҳоталашга чақиряпти. Одамларни камроқ кўчага чиқишини камайтириш мақсадида давлат томонидан аввал 5 апрелгача, кейин эса 30 апрелгача дам олиш деб эълон қилинди. Бунга ҳам эътибор бермай, кўчага чиқадиган бўлса, махсус рухсатномалар талаб қилишга ўтилди.

Шу ўринда айтиш керак, Россияда одамлар коронавирусга нисбатан Ўзбекистондагига қараганда ҳам масъулиятсизлик билан қараяпти. Буни кўчаларда одамларнинг ниқоб тақмай юришидан сезиш мумкин. Бундан ташқари, пандемия хавфи ва у олиб келадиган муаммолар жудаям бўрттирилган деган қарашдаги одамлар (ҳатто юристлар орасида кузатилмоқда) мавжуд.
Шу билан бирга Россияда ва ғарб давлатларида шарқ мамлакатларида йўлга қўйилган, давлат ва халқ пул йиғиб муҳтожларга етказиш чораларини кўриш учун биргаликда ҳаракат қилмаяпти. Фақат давлатни ўзи ҳар хил имтиёзлар, солиқ чекловлари бериляпти-ку, лекин масалан Туркия ёки Ўзбекистондагига ўхшаган ишларни йўлга қўймади ҳозирча.
– Зарнигор опа, Ўзбекистонда карантин чекловлари қатъий ўрнатилган ва уни бузганлик учун жарималар ҳам белгиланган. Россияда бу борада ҳолат қандай?

– Россия Федерациясининг пандемияга қарши курашиш сиёсати шунақаки, ҳар бир маъмурий ҳудуд ўз ерида пандемияга қарши қандай курашни лозим топса, шунга мос чоралар кўряпти. Москва области алоҳида субъект бўлишига қарамасдан унинг таркибига кирувчи яна бошқа маъмурий ҳудудлар бор ва улар ўз молиявий имкониятидан келиб чиқиб чоралар қўллаяпти. Мисол учун, кам таъминланган, кўп болали оилаларга давлат ёрдам пулини кўпайтирган бўлса-да, маҳаллий ҳокимиятлар ҳам ёрдам кўрсатяпти. Яъни ҳар бир минтақа пандемияга ўз шароитидан келиб чиқиб нимани тўғри деб билса шундай равишда курашяпти.















