«Иш фаолиятим давомида кўплаб кўнгилсизликларга дуч келяпман. 2019 йил 14 январда машинамни ёқиб юборишганди (Машинага ўт қўйиш жараёни ва жиноятчи видеокамерага тушган). Шаҳар ИИБга мурожаат қилдим. ИИБ томонидан «отказ материал», деб осонгина ёпиб юборишди. Жиноятчига ҳеч қандай чора кўришмади...

Изоҳ: Мана шу хатти-ҳаракатларни Гулистон ШИИБ «жиноят аломатлари йўқ», деб ишни ёпган.

Шу кунгача Гулистон шаҳридаги «Маданият» маҳалласи Мирзо Улуғбек кўчаси 101-уйда «Азизбек» чойхонасини ижарага олиб, ишлатиб келаётган эдим.

2020 йил 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси чойхонага ўғирликка тушиб, ичидаги мол-мулкларни талон-торож қилиб, ўғирлик изларини йўқотиш мақсадида камераларни йўқ қилиб, чойхонани ёқиб юборишди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан 150 кв.м жойда атайин ёнғин содир этилган, деган хулоса чиқарилди. Бу ёнғин оқибатида мен 80 млн сўм зарар кўрдим.

2 апрель куни мен юритаётган чойхона ёқиб юборилгани борасида Гулистон шаҳар ИИБга ариза бердим.

Аммо ИИБ томонидан ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Президент халқ қабулхонасига ҳам телефон қилдим, лекин бирор натижа йўқ. Мен моддий ва маънавий зарар кўрдим. Ҳозирги кунда жуда ҳам оғир вазиятдаман. Илтимос, менга қонун доирасида ёрдам беришингизни сурайман», деб ёзади тадбиркор таҳририятга йўллаган мурожаатида.

У бундан бир йил муқаддам машинаси ёқиб юборилгани тасвирга олинган видеоёзувни тақдим этди. Ўринли савол пайдо бўлади: наҳотки Сирдарё вилоят ИИБ жиноят содир этилгани бўйича аризани «жиноятчилик статистикасининг ошиб кетмаслиги» (бу — мурожаатчининг айтганлари) важи билан чуқур ўрганиб кўрмаган бўлса?