Хўш, ўз вақтида 147 долларгача кўтарилиб кетган нефть қандай қилиб бу қадар қадрсизланиб кетди?
Аввало, бир нарсани унутмаслик керакки, бугун Нью-Йорк биржасида WTI нефтининг 1 баррели -40 долларгача тушиб кетди. Бу – қайсидир маънода АҚШнинг миллий нефть маҳсулоти. Ўз номи билан West Texas Intermediate. Биржа WTI учун - (минус) 25 доллар билан ёпилди. Бу вақтда ёқилғи ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган энг юқори маркадаги Brent нефти 26 доллардан сотилди.
Нефть нега бу қадар пастлагани олдиндан кутилганди десак, бўрттириш бўлади. Чунки бунақаси тарихда бўлмаган. WTI тарихда ҳеч қачон 9 доллардан тушмаган. Тўғри, дунё бозорида нефть нархининг пастлашини кутганлар бор эди; масалан, Саудия Арабистони Европадаги мижозларига 10 долларгача чегирма бериб, нефть учун пулни уч ойдан кейин тўлаш мумкинлигини таклиф қилди. Аммо бир баррель нефть олиб кетганлар учун 40 доллар пул таклиф қилиш - бу шунчаки даҳшат. Буни хотиржамлик билан қабул қилаётган иқтисодчиларнинг ўзи ҳам бунақа бўлишини тахмин қилмагани аниқ.
Бозор иқтисодиёти тўлиқ амал қиладиган АҚШда барча нарсанинг нархини бозор белгилайди. Яъни талаб бўлмаган маҳсулот табиийки арзонлайди. Ҳозир коронавирус сабаб бутун дунё карантинда ўтирибди. Корхоналар ишламаяпти, самолётлар учмаяпти, машиналар юрмаяпти, хуллас, ишлаб чиқариш тўхтаган. Нефтга талаб йўқ ва шу сабаб унинг нархи пастлаб кетди.
Нега нефть учун пул таклиф қилишяпти?
Нефть арзонлаганини кўргандик, аммо уни олиб кетганлар учун пул таклиф қилиш шунчаки ҳайратланарли ҳолат бўлди. Хўш, нега бундай бўлди? Бу саволга аниқ жавобни нефть корхонаси раҳбарлари беришади, биз эса шунчаки тахмин қилишимиз мумкин. Катта эҳтимол билан, АҚШда нефть сақланадиган омборлар тўлиб бўлган, танкерлар ҳам тўлиб қаерга юришни билмаяпти. Нефть қазиб олгач, уни сақлаб турадиган жой йўқ. Шу сабаб нефть корхоналари омборларни бўшатишга мажбур. Бу учун харидорга пул беришга ҳам тайёр улар.
Нега дейсизми? Айтайлик, улар нефть қазиб оладиган корхона билан йил охиригача фалон миллион тонна нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Шартнома эса, табиийки, йил бошида эмас, катта эҳтимол ўтган йил имзоланган. Агар шартнома январда имзоланганида, у ҳолда қазиб олиш ҳажми бунчалик юқори бўлмасди балки. Чунки январнинг дастлабки 3 кунида иккита муҳим воқеа содир бўлди: Қосим Сулаймоний ўлдирилди, коронавирус тарқалгани эълон қилинди.
Нефть қазиб оладиган корхона ишлаб чиқаришни тўхтатмайди, чунки уларга нархнинг фарқи йўқ, нефть сотадиган корхоналар уларга нефть қазиб чиқариши учун пулини тўлаб бўлган. Ҳамма юк нефть сотадиган корхонага қолади. У ишлаб чиқаришни тўхтата олмайди ва омборларини кетма-кет бўшатиб туришга мажбур.







