Аввало бир нарсани тушуниш керак: Кечаги савдоларда ҳеч ким нефтни кўчага чиқариб қўйиб «Олинг, эвазига пул берамиз», дегани йўқ. Бочкадаги қора қуюқ кўринишда бўладиган нефть хом ашёси эмас, май ойида етказиб бериш бўйича фьючерс қоғозларининг нархи манфий қийматга тушиб кетди. Фьючерс бу – биржадаги молиявий ҳужжат бўлиб, у олди-сотди шартномаси ҳисобланади. Фьючерсда товарларнинг ҳажми эмас, фақат етказиб бериш вақти келишилган бўлади.
Кечаги савдоларда айнан май ойида етказиб бериш бўйича фьючерслар нархи пастлаб кетди. Май ойи учун фьючерслар муддати 21 апрель куни якунланарди. Шу боис нефть ҳеч кимга керак бўлмаган бугунги кунда инвесторлар фьючерсларнинг амал қилиш муддати тугаши арафасида омборлардаги нефтдан қутулишга мажбур бўлишди. Омборларга ижара пули тўлашдан кўра уни олиб кетганларга пул бериш арзонроқ тушгани сабаб нарх манфийга қараб кетган.
Гап шундаки, АҚШ бозорларида, айниқса биржада иқтисодиёт шунчалик автоматлашиб кетганки, у баъзан реал ҳаётга ҳам мос келмай қолади. Кеча айнан мана шундай воқеа содир бўлди ва нефть манфий қийматга тушиб кетди. Ҳозир нефть омборлари тўлиб кетди. АҚШ ва Сингапурдаги асосий омборларга талаб шунчалик каттаки, уларда маҳсулот сақлаш учун нархлар икки баравар қимматлаб кетган. Йўқ, улар атайин нархни кўтаришмаган, жаҳон бозорида нарх-наво таклиф асосида ўзгаради. Ҳозир омборларга талаб катта.
Июнь ойида нефтга бўлган талаб бироз ортиши мумкинлиги ҳисобида июнда етказиб бериш бўйича савдоларда WTI 22 долларгача сотилган. Бугунги савдолар бошида 26 доллардан сотилган Brent навли нефть нархи ҳам пастлади. Олий навли бу нефтнинг 1 баррели 2002 йилдан буён илк марта 19 доллардан пастлади. Техас нефтининг пастлаши табиийки қолган навдаги хом ашё нархига ҳам таъсир қилмай қолмади. Россиянинг Urals нефтининг 1 баррели -2 долларгача тушиб кетди. Вақтинча, албатта.
Тарихий қулаш. Нефтнинг бир баррели нолдан қуйига тушди
Пулингиз бўлса, танкер олинг

Омборлар нефть билан тўлиб тошгандан сўнг нефть сотувчи корхоналар хом ашёни денгиздаги танкерларда ҳам сақлашда мажбур бўлишмоқда. Айни дамда денгизлардаги танкерларда 160 миллион баррель нефть борлиги айтилди. Улар нефтни ҳеч қаерга ташимай сузма омбор вазифасини бажармоқда.








