Давлат солиқ қўмитаси томонидан йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналарнинг автотранспорт воситалари учун рухсат берувчи стикерлар берилиши эълон қилинганидан кейин мазкур тоифага кимлар кириши ҳақида ДСҚга кўплаб қўнғироқлар бўлди, деб ёзмоқда қўмита матбуот хизмати.

Билдирилишича, ДСҚнинг қарори билан “Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги Низом” тасдиқланган.

Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади:

а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;

б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;

в) «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;

д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;

е) углеводород хом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мустасно;

ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда, соф тушуми 100,0 миллиард сўм ва ундан ошган юридик шахслар ўтган календарь йил якуни ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар календарь йил якуни билан Низомда кўрсатилган мезонларга жавоб бермаса, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар навбатдаги уч йил мобайнида йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолади.