Жаҳон | 08:11 / 22.04.2020
25313
3 дақиқада ўқилади

NYT: Трамп грин-карт беришни тўхтатмоқчи

Фото: The New York Times

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга қарши кураш чоралари доирасида бошқа мамлакат фуқароларига АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (грин-карт) беришни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг The New York Times нашри ўз манбаларига асосланиб хабар берган. 

Ҳар йили дунё бўйлаб миллионлаб одамлар АҚШда ишлаш ҳуқуқини берадиган ва грин-карт деб аталадиган ҳужжатни олиш учун ариза топширади. 2019 йилда АҚШ 1 миллионга яқин хорижликнинг бу борадаги талабини қондириб, мамлакатда ишлаш ва яшаш ҳуқуқини берган. Трамп эса мамлакатга четдан одам кириб келишининг олдини олиш мақсадида грин-карт беришни вақтинча тўхтатмоқчи.

Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларига асосланиб Трамп АҚШга 90 кун давомида ишчи виза билан кириш тақиқланиши тўғрисида қарор қабул қилмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Грин-карт беришни тўхтатиш ҳам, катта эҳтимол, мана шу қарорда таъкидланган. Bloomberg`га ўз шахсини очиқламаслик шарти билан маълумот берган мансабдорнинг айтишича, у қарорнинг қораламаси билан танишган ва ҳужжатда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва тиббиёт соҳасида ишлайдиганларга истисно сифатида чекловлар амалда қилмайди.

Шунингдек, АҚШ фуқароларининг фуқаролиги бўлмаган хотинлари, фарзандлари мамлакатга кириши мумкин. Bloomberg манбасига кўра, айни дамда технология соҳасида ишлаётган хорижликлар маҳаллий америкаликлар ишлаши мумкин бўлган соҳада фаолият юритмаётгани ҳақида ҳужжат тақдим этиши керак бўлади.

Шахсини очиқлашни истамаган мансабдор инқироздан кейин мамлакатда муҳожирлар оқими кўпайишини, ҳукумат бунинг олдини олиш мақсадида корхоналарга кам маош эвазига хорижликларни ишга чақиргандан кўра, ишдан бўшатилган маҳаллий ишчиларни қайтаришни буюради.

Дональд Трамп душанба куни твиттердаги саҳифасида бундай ҳужжат имзолашига ишора қилиб, пост қолдирганди: «Кўринмас ёвга қарши курашиш ва ажойиб фуқароларимизнинг иш ўринларини ҳимоя қилиш мақсадида иммиграцияни чеклаш бўйича ҳужжат имзолайман», деб ёзганди АҚШ президенти.

Мавзуга оид