Американинг ABC News телеканали хабарига кўра, медиклар ғалати, бироқ SARS-CoV-2 юқтирганликни кўрсатувчи аломат — теридаги ўзгаришларга дуч келишган.
Борган сари етакчи дерматологларнинг катта қисми COVID-19 билан касалланганликда гумонланаётган ва тасдиқланган ташхисга эга пациентларда турли тошмалар ва бошқа тери касалликлари белгисига эътибор қаратишмоқда.
Уларнинг тахминича, инсон териси касаллик чоғида организмда нималар рўй бериши ҳақида «сўзлаб» бериши мумкин.
Италиялик врачлар бу ҳақда март ойидаёқ билдиришган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, коронавирус юқтирган ҳар бешинчи пациентда тери билан боғлиқ муаммолар кузатилган.
Энг кўп учраган ҳолат — тўқ қизил тошмалар.
Дематологлар ҳамжамиятида норасмий «ковидли бармоқлар» (оёқ бармоқлари назарда тутилган, COVID toes) термини муомалага кирган, бу билан улар бармоқларнинг алоҳида қисмларида ранг ўзгаришини тасвирлашган (нафақат оёқда, қўлда ҳам).
Италияликлар америкалик экспертларни ушбу аломатдан хабардор қилгач, улар АҚШда бундай ҳолатларни тобора кўпроқ учрата бошлашган.

Кўпинча қизил тошма (гарчи «ковидли бармоқлар» ҳолатида тўқ қирмизи, ҳаттоки кўк ранглар ҳақида гап боради) совуққа реакция сифатида баҳолашмоқда, дея таъкидлайди Пенсилвания университети қошидаги касалхонанинг дерматология профессори Миша Розенбах. Бироқ тери рангининг ўзгариши об-ҳавога асло боғлиқ эмас.
«Биз совуқдан бундай кўкаришга қишда дуч келишимиз мумкин, лекин асло баҳорнинг авж палласида эмас, — деган ABC News’га Шимолий-ғарбий университет дерматология кафедраси мудири Эми Поллер. — Энди бу ҳам худди COVID-19 сингари кенг тарқалганидан, биз уларнинг ўртасида боғлиқлик бор деб ўйлашга мажбур бўлмоқдамиз».


















