Жаҳон | 00:49 / 24.04.2020
28914
3 дақиқада ўқилади

Пандемия ечимини излаётган ташкилотларга тегишлилиги тахмин қилинаётган махфий маълумотлар тарқалди

Интернетда коронавирус пандемиясига ечим топиш билан шуғулланаётган асосий ташкилотларга тегишли экани тахмин қилинаётган электрон почта манзиллари ва пароллар рўйхати тарқалди. Бу хакерлик ҳужуми натижаси бўлиши мумкин.

Фото: Washingtonpost

19 апрел куни Саломатлик миллий институтлари (АҚШ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Билл Гейтс фондига тегишли экани гумон қилинаётган 25 мингта электрон почта манзили ва пароллар интернетга жойлаштирилди.

Бу ҳақда интернетда экстремизм ва террористик ҳаракатларни кузатувчи SITE Intelligence Group’га асосланиб, The Washington Post хабар берди.

Рўйхатни ким тарқатгани маълум эмас. SITE почта манзиллари ва паролларнинг ҳаққонийлигини ҳали текшира олганича йўқ.

Рўйхат дастлаб сиёсий экстремизм руҳидаги изоҳлари билан танилган 4chan эълонлар платформасида чиққан. Кейинчалик Pastebin матнларни юклаш сайтида, твиттерда, айрим телеграм каналларда тарқалган.

«Ултраўнгчи экстремистлар мазкур маълумотларни ўта фаол тарқатишмоқда. Улар коронавирус пандемияси қасддан уюштирилган, деган тахминга асосланиб, почта манзилларини тафтиш қилишга чақиришмоқда», дейди SITE ижрочи директори Рита Кац.

Киберхавфсизлик бўйича австралиялик мутахассис Роберт Поттерг ЖССТга тегишли деб тахмин қилинаётган почта ва пароллар ҳақиқий эканини текшира олганини, пароллар ёрдамида ташкилот компьютер тизимига уланганини маълум қилган.

«Почта манзиллари учун қўйилган паролларнинг хавфсизлик даражаси ўта қониқарсиз. Ходимлар парол сифатида ўз исмидан фойдаланган.

Бу рўйхат хакерлар ҳужуми йўли билан олинган маълумотлар сотилувчи интернет қора бозорида қўлга киритилган бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан, маълумотлар 2016 йилда ташкилотга қилинган хакерлик ҳужуми пайтида олинган», дейди Поттер.

Тарқатилган рўйхатдаги манзил ва паролларнинг энг катта қисми – 9938таси АҚШнинг Саломатлик миллий институтларига тегишли деб кўрсатилган.

Манзил ва паролларнинг 6857таси АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси марказига, 5120таси Жаҳон банкига, 2732таси ЖССТга, озроқ қисми Билл Гейтс фондига тааллуқли экани айтилмоқда.

Рўйхатда коронавируснинг илк ўчоғи бўлган шаҳар – Уҳан вирусология институти маълумотлари ҳам мавжуд.

Саломатлик миллий институтлари, Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази, ЖССТ, Жаҳон банки мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Гейтс фонди эса ҳолатни кузатиб бораётгани, яқин орада фондда маълумотлар сизиб кетиши ҳоллари кузатилмаганини айтмоқда.

АҚШ Федерал қидирув бюроси томонидан ҳам ҳолатга изоҳ берилмаган. Твиттер раҳбарияти ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилаётгани ва ҳуқуқ доирасида чоралар кўрилишини таъкидламоқда.

Мавзуга оид