Рамазон ойига тайёргарлик

Рамазонгача ўн кун қолган вақтда 3-4 кун оралатиб рўза тутиб, организмимизни шунга тайёрлаб олишимиз лозим, шундагина рўзанинг дастлабки кунларидан қийналмай ўтиб оламиз. Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, рамазонгача биз ҳам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиб тайёргарлик кўриб олишимиз лозим.

Рамазон рўзасини тутишдан 2-3 кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз ҳамда тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида қийналишларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейишингизни кутиб, тайёр туради.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончли кучлилиги эса ниятга боғлиқ.

Саҳарлик

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутуламиз.

Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирда ҳам имкон қадар уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.

Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизнинг тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:

  • ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
  • меъёридан ортиқ аччиқ чой;
  • дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
  • шўр маҳсулотлар;
  • тузлама маҳсулотлари;
  • кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;
  • шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
  • барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
  • лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи дамламалар.

Энди эса саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулотни келтириб ўтамиз.

1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.