Унда Самарқанд туманининг «Қўштамғали» маҳалласида истиқомат қилувчи Қ.Аҳадов ўзига тегишли бўлган ҳовли Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан карантин чоғида бузиб ташланаётганидан шикоят қилган.
Мазкур масала бўйича Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасининг расмий муносабати эълон қилинди.
Унда айтилишича, Самарқанд вилоят фаолларининг 2019 йил 26 июлда ўтказилган мажлисида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Самарқанд тумани худудидаги «Эшкак эшиш канали» ва унга туташ ҳудудда «Самарқанд туристик мажмуаси» ташкил этиш, туристик маршрутдаги йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, йўл атрофида инфраструктура қурилиш ишлари амалга оширилиши муносабати билан тумандаги «Қозиариқ», «Жўйисой» ва «Қўштамғали» МФЙлардаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бир қатор турар ҳамда нотурар биноларни қонунда белгиланган тартибда бузиб, эвазига уларнинг эгаларига товон пуллари тўлаб бериш ишлари амалга оширилган.
Шулар қаторида, Қ.Аҳадовга тегишли, «Қўштамғали» маҳалласида жойлашган уй-жойининг бир қисми учун товон пули берилиши ва бошқа жойдан ер майдони ажратилиши белгиланган.

Бироқ Қ.Аҳадов асоссиз равишда қонун талабларини бажаришдан бош тортганлиги сабабли даъвогар — Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2020 йил 17 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Аҳадов Қодир Қудратовичга тегишли, Самарқанд туманининг «Қўштамғали» маҳалласида жойлашган ҳовлисининг 49 фоизи, яъни умумий ер майдони 571, 51 кв.м, қурилиш ости майдонининг 459,06 кв.м.дан иборат уй-жойларини бузиш, жавобгарни оила аъзоларини бузишга тушган уй-жойдан чиқариш, бузиш ишларини жавобгар Қ.Аҳадов ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, суд ажримига биноан, бузиш ишлари Қ.Аҳадовга 618 млн. 80 минг 75 сўм миқдордаги товон пуллари тўланганидан сўнг амалга оширилиши, бузишдан чиққан қурилиш моллари даъвогарда қолдирилиши ҳамда Самарқанд туман ҳокимлиги зиммасига жавобгарга шу ҳудуддан 572 кв.м.дан кам бўлмаган ер майдони ажратиш мажбурияти юклатилган.
Суднинг мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими иш юритувига 2020 йил 2 апрелда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.




















