Kun.uz пандемия даврида инфекция тарқатувчи манбалардан бири сифатида кўрсатилган пуллар ҳақида Humo бренди остида фаолият юритувчи Миллий банклараро процессинг маркази раҳбари Шуҳрат Қурбонов билан суҳбатлашди. Унда банк пластик карталарга ўтказилган пенсиялар, Humo карталарига хизмат кўрсатиш сифати ҳамда банкоматлар орқали пулларни нақдлаштириш масалалари муҳокама қилинган. 

–Контактсиз алоқа қилиш, айниқса пул ҳам вирус ташувчиси сифатида огоҳлантирилганидан кейин, аҳоли, хусусан нафақахўрларга пластик карталардан фойдаланиш тавсия этилди. Одамларда, табиийки, саволлар туғилади: бундан Humo бренди молиявий фойда топишни ўйладими ёки тўловларни ўтказаётганда бизда қанақа масалалар туғилади?  Ўзи умуман картадан фойдаланиш имконияти барча ерда бир хилми, деган саволлар берилмоқда. 

–Ҳозир қизиқ пайт бўляпти. Мана, кўряпмиз. Картада, терминаллари  ҳамда банк хизматларида революцион ривожланиш бўлиб турганди. Бир ой ичида банк пластик карталари тизимида катта ўзгаришлар кузатиляпти. Ҳолат шуни талаб қилади. Масалан, карталарни масофадан туриб онлайн очиш. Бу ҳаракатлар банк пластик карталарига нисбатан одамларнинг ишончини ошириш мақсадида амалга ошириляпти. Лекин халқимиз нақд пул билан кўпроқ муомалада бўлишга интилади. Нақд пул бизга қанақадир яқинроқ. Ҳазил ҳам бор: санаб туришга осонроқ. 

Пандемия даврида ўзим ҳам ўйланиб қолдим. Бозорда 1000, 5000 сўмлик қандай айланиб юришини ўзингиз гувоҳи бўласиз. Масалан, сотувчига нақд пул бердингиз. У қайтим берди. Шу тариқа пул айланиб юрибди. Қисқа вақт ичида 10-15 та одам қўлидан ўтиши мумкин. Бу дегани қоғоз пулда вирус неча кундир яшайди. Шунақа хавф бўлиб турган пайтда нақд пулдан қочиш керак. Контактсиз картада савдо қилиш зарарланиш хавфини бир неча баробарга камайтиради. Унда одамлар билан олди-берди умуман йўқолади. Нима учун Korzinka.uz ва Makro супермаркетларида контактсиз алоқа терминалларини нима учун йўлга қўйдик? Одамлар ўртасида ижтимоий масофа сақлашга ёрдам беради, деган мақсадда қилинди. 

Тўғри, Тошкентда терминаллар билан вазият яхшироқ. Вилоятларда сал қийинроқ бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда Humo терминаллари бўйича муаммо йўқ. 90 фоиз ҳолатда савдо нуқталарида ишлаб турибди. Кўпчилик муаммо қилади: терминал йўқ, ишламаяпти, сим-карта пули йўқ, дейди. Ҳар хил баҳоналар ўйлаб топади. Бу ҳам нимадан келиб чиқади? Бошида айтгандай нақд пулни танлаганимиздан кейин бўлиб турадиган ҳолат. Кўпчилик жойларда QR-код ҳам қўйилган. Телефонингиз бўлса QR-код орқали ҳам тўлайсиз. Терминал қидириш эҳтиёжи ҳам камайганлигини билдиради. Терминал бор-йўқлиги бўйича 90 фоизда муаммо йўқ. Очиғи, 10 фоиз қолиб турибди. Олиб келиш хизматлари бор. Уларга етмаяпти, тўғри. Қисқа вақтда бу камчиликлар ҳам бартараф қилинади, чунки шу вақтгача бу нарсада катта эҳтиёж бўлмаган.  Худди шундай таксидаям шунақа. Эртага таксига ўтирганда, нақд пул бермай, қайтим олмай, онлайн тўлов қилай, дейди.