Пандемия сабабли ижтимоий ва иқтисодий тангликни енгиб ўтиш учун бозор иқтисодиёти ва тадбиркорликка бўлган мурожаатнинг мантиғи бор. Чунки бизнес ишласа, иш жойлари пайдо бўлса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўлга тушиб, пул айланмаси ва пул оқимлари жараёнлари ишга тушиб кетса, албатта ижтимоий ва иқтисодий тангликни бирмунча енгишга эришиш мумкин.

Лекин тушуниш керакки, тадбиркорлик буйруқ, яъни маъмурий чора билан битадиган ва ишлаб кетадиган жараён эмас. Унинг ўз мантиғи, ички механизми бор. Буни яхши тушуниш керак.

Мисол учун, мен бир неча омилларни белгилаб ўтдим. Вақт, муҳит, шароит, кафолат омилларига эътибор бериш керак.

Вақт нима?

Тадбиркорлик ишга тушиб кетиши учун режалаш, ташкил қилиш, жуда кўп тайёргарлик ишлари амалга оширилиши керак. Бу вақт талаб қилади. Ижтимоий танглик эса кундан-кунга ошиб бормоқда. Одамларда маблағ камайяпти. Даромадлардан узилиб қолган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламнинг кўлами, ҳажми кун сайин ошиб боряпти.

Тадбиркорлик бирданига иш пайдо бўлиб, бирданига иш жойи пайдо қилиб, бирданига уларга ойлик тўлашни бошлашни таъминлаб беролмайди. Бунга имкониятнинг ўзи йўқ. Демак, бу вақт мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва даромади, маошидан узилиб қолган аҳолига давлат молиявий ва моддий кўмагини тўхтатмаслиги керак.

Жамшид Муслимов

Хайрияларнинг маблағлари, манбалари чексиз бир қудуқ эмас. У борган сари камайиб, аҳолига берилаётган ёрдам воситалари, ресурслари тугаб қолиши мумкин. Демак, маълум бир вақт мобайнида давлат ижтимоий ҳимоя чораларини кўзлаши шарт.

Муҳитга келсак, тадбиркорлик — таваккалчилик дегани. Тадбиркор ўз вақти, пули, диққат-эътибори билан таваккал қилади ва моддий-маънавий, вақт ресурсларини тадбиркорлик амалиётига тикади. Бундан фойда ёки зарар бўлиши мумкин.

Фойда ва зарар бўлса, унинг асосий қисми албатта тадбиркорнинг бўйнида қолади. Бу тушунарли. Лекин тадбиркор ўзининг эркинлиги, ҳаёти, соғлиғи билан таваккал қилиши керак эмас. Тадбиркорга нисбатан маъмурий буйруқбозлик ёки қўштирноқ ичида айтадиган бўлсак, «кўча услублари» қўлланилмаслиги лозим.

Бирор ҳоким уни кабинетига чақириб, бақирса, сўкса, тадбиркор ички маънавий-руҳий жиҳатдан синса, у ҳақиқий тадбиркорлик ижодкорлигини амалга ошира олмайди. Иш жойлари пайдо бўлиши, ишлаб чиқариш йўлга тушиб кетиши тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Қандайдир хўжакўрсинлик бўлиши мумкин, лекин ижтимоий тангликни енгиб ўтадиган муҳит бўлмайди.