Kun.uz пандемия, иқтисодий инқироз ва дунё давлатларида кузатилаётган ижтимоий вазиятлар ҳақида хориждаги ватандошлар билан суҳбатларини давом эттиради.

Бугунги суҳбатдошимиз – Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида истиқомат қилиб келаётган, фаолиятини турли соҳалар билан боғлаган Исоқжон Абдужалилов. Исоқжон Дубайдаги иқтисодий ва ижтимоий вазият, амирликда яшаётган ўзбекистонликлар аҳволи ва уларнинг яқин келажакдаги режалари ҳақида маълумот беради.

–  Сизни таништиришда фаолияти турли соҳалар билан боғлиқ, дея таъриф бердик. Шундан келиб чиқиб, ўзингиз ҳақингизда кўпроқ маълумот берсангиз.

–  БААнинг Дубай амирлигида 2015 йил бошидан бери истиқомат қилиб келаман. Кўпчилик ўзбеклар қатори бу давлатга туристик виза орқали келганман ва, дастлаб, савдо соҳасида ишладим. Кейинчалик бу ерда мавжуд кўплаб савдо марказларидан бирида хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаганман.

Сўнг БААнинг Fly Emirates авиакомпаниясида маълум муддат ишлашга муяссар бўлдим. Ҳозир яна савдо соҳасида, инглизча айтганда retail – чакана савдо билан шуғулланмоқдаман.

–  Исоқжон, бизга БААнинг энг ривожланган шаҳарларидан бири – Дубайда пандемия қандай бошлангани ва қай тарзда давом этаётгани ҳақида маълумот берсангиз. Айни пайтда шаҳарда карантин талаблари юмшаганми?

–  Албатта, дунёнинг аксар ҳудудларидаги каби БААда ҳам карантин талаблари маълум маънода юмшади.

Дубай амирлигининг ўзида январ ойининг охирида Хитойдан келган сайёҳ оилада илк коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган эди. Лекин бу вақтда ҳали амирликлар касаллик тарқалишини чеклаш учун қатъий чекловлар жорий этмаган эди.

12 март куни халқаро пандемия вазияти эълон қилингандан сўнг Дубайда ҳам бошқа давлатлар каби қатъий чоралар кўрила бошлади. Дастлабки касаллик юқтирган оиланинг кимлар билан мулоқотда бўлгани ва қаерларга боргани аниқланиб, мулоқотда бўлганлар ва ташриф буюрган ҳудудлари ўраб олинди. Лекин ўта қатъий чеклов ҳолатлари вужудга келгани йўқ. Чунки БАА дунёдаги йирик туристик манзил ва ҳаво йўллари линияларига эга давлат ҳисобланади. Шунинг учун ҳудудда бирданига ҳамма нарса тўхтаб қолгани йўқ. Касалланиш сони ортиши билан чоралар ҳам қатъийлаштириб борилди.

БААда 26 апрель ҳолатига кўра, 10 349 нафар зарарланиш ҳолати қайд этилган. Улардан 2000 нафарга яқини соғайган, ўлим ҳолатлари эса 76 тани ташкил этади.