Kun.uz пандемия ва инқироз масалаларига оид суҳбатларни давом эттириб, бу гал BBC мухбири Ибрат Сафо ҳамда Америка овози мухбири Беҳзод Мамадиев билан боғландик. 

Хорижда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик журналистлар пандемия масалаларини медиада ёритиш, Марказий Осиё давлатлари ОАВда кузатилаётган турлича муносабат ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, суҳбатда инқироздаги босма матбуот, реклама бозори қисқариши туфайли молиявий азият чекувчи нашрлар ҳақида фикр алмашилган. 

– Ибрат ака, мана кўрдик пандемияга нисбатан кўпчилик матбуот ўзини худдики, мухолифатдек тутди. Ҳукуматга нисбатан ўзининг норозиликларини билдирди. Ҳукуматнинг бу ҳолатда яхши кураша олмаганига танқидларни билдириб келди. Бу вазиятни сиз, Марказий Осиё мисолида агар кўрадиган бўлсак, қандай кузатдингиз?

– Мухолифат демаган бўлардим, матбуот ўзининг ҳар доимги ишини қилди. Яъни, ҳукуматнинг амалларини сўроққа тутди. Бу айниқса, ҳозир жуда муҳим. Чунки одамларнинг ҳаёти савол остида турибди ва минглаб одамлар ўлиб кетяпти. Шунинг учун ҳукумат тўғри чораларни кўряптими йўқми, буни кундалик равишда, ҳар дақиқада сўраб туриш бу матбуотнинг иши, вазифаси аслида. Шунинг учун буни мухолиф ёндашув демаган бўлардим.

Марказий Осиёга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда, Ўзбекистоннинг ичида ёритилиши анча фаол бўляпти. Таҳлил ҳам анчагина кўп бўляпти. Мана масалан, ўзингизда, Kun.uzʼда анча таҳлилий мақолалар, суҳбатлар бўляпти. Савол остига ҳам олиняпти. Шахсан ўзим ёмон эмас, деб баҳолаган бўлардим. Бу ерда бир нарсани назарда тутиш керак, журналистлар ҳозир сал қўли боғланиб қолган, пандемия даврида уйда ўтириш керак ва аввалгидай бемалол юриб, хоҳлаган идорасига бориб бирор нарсани суриштириш ёки айтайлик пандемия ҳолатида карантин жойлари ёки касалхоналарга рухсатсиз боролмайсиз, булар ҳаммаси расмий каналлар орқали қилиниши керак. Шунинг учун журналистларнинг қўли ҳам бироз боғлиқ. Шуни ҳисобга олсангиз анча фаол ишлашяпти деган бўлардим.

– Марҳамат, Беҳзод ака.

– Коронавирус билан боғлиқ вазиятни биз бевосита Ўзбекистондан туриб кузатиш имкониятига эга эмасмиз. Чунки хориждамиз. Шу сабабдан билдирадиган фикрларимиз четдан туриб кузатган журналист ёки оддий кузатувчи сифатида бўлади.

Америка овози мухбири Беҳзод Мамадиев