Жаҳон | 01:07 / 02.05.2020
19302
2 дақиқада ўқилади

Олимлар коронавирусдан ҳимояланишда ниқобларнинг самаралироқ муқобилини маълум қилишди 

Юзни беркитувчи пластик ҳимоялагичлар коронавирусдан зарарланишдан ниқоблардан кўра самаралироқ ҳимоялаши маълум қилинди. 

Фото: EPA/UPG

Бу ҳақда АҚШнинг Айова штати олимлари гуруҳи олиб борган ва Америка тиббиёт уюшмаси журналида (JAMA) чоп этилган тадқиқотда айтилган

Мавжуд маълумотларга кўра, коронавирус респиратор вирусларга хос йўллар билан тарқалади. Жумладан, ундан ҳаво-томчи йўли билан кўз, бурун ёки оғиз орқали зарарланиш мумкин. Олимлар вируснинг бундай йўл билан тарқалишини блокловчи иккита ҳимоя воситасини – тиббий ниқоб ва юз учун пластик ҳимоялагичларни таққослашган.

Тадқиқотлар эса пластик ҳимоялагичлар вирусни етарлича самарали ушлашини кўрсатган. Улар тавсия қилинган 2 метрлик масофада 93 фоиз вирус зарраларини ушлаб қолган. Қисқа муддат қўллаш мумкин бўлган ва такрор қўллаб бўлмайдиган ниқоблардан фарқли, пластик ҳимоя воситаларини совунли сув ёки оддий маиший зарарсизлантирувчи воситалар билан ювиб, такрор қўллаш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, бундай ҳимоялагичларни тақиб юриш, ён-атрофдагилар билан мулоқот қилиш осон ва улар қўллар билан юзга бехосдан тегишга йўл қўймайди, ваҳоланки бу вирус тарқалиши йўлларидан бири ҳисобланади.

Олимлар ушбу ҳимоя воситасининг қўлланиши вирус тарқалиши олдини олишда ёрдам бериши мумкинлигини айтишган ва унинг самарадорлигини 68 фоиздан 96 фоизгача оралиқда баҳолашган. Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, пластик ҳимоялагичларни ҳамёнбоп нархда ишлаб чиқариш ва тез тарқатиш мумкин.

Шу билан бирга, олимлар юз ҳимоялагичларининг касалланган одам қўллагандаги самарадорлиги ўрганилмаганини таъкидлаб ўтишган.

 

Мавзуга оид