Навбатдаги мақолада Қозоғистондаги вазият ҳақида сўз боради. Бу ҳақда қозоғистонлик журналист Алишер Сатвалдиев маълумот берди.

– Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати биринчи бўлиб Қозоғистонда аниқланди. Ўша пайтда мамлакатда жорий қилинган дастлабки чекловлар нималардан иборат бўлди? Ҳозир вазият қандай, карантин чекловлари юмшатилдими?

– Қозоғистон Хитой давлати билан чегарадош. Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга ушбу давлат фильтр вазифасини ҳам бажариб беряпти, дейишимиз мумкин. Чунки бошқа давлатларнинг фуқаролари Қозоғистон орқали ўтиб, чегаралар ёки бошқа бир блокпостларда иситмаси бор, вируснинг белгилари бор фуқаролар ўша ернинг ўзида карантин муддатини ўтказяпти. Қозоғистон шаҳарларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам даволанаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Ҳукумат томонидан дастлабки чора-тадбирлар 16 мартдан эълон қилинди. Бунда биринчи бўлиб Нур-султон шаҳри, ундан сўнг Олмата шаҳри ва учинчи бўлиб Чимкент шаҳри карантинга олинди.

Кўпгина давлатлар қаторида Қозоғистон ҳам 1 майгача деб эълон қилган эди, бироқ кейин 11 майга қадар узайтирди. Ҳозирги кунда президентнинг баённомасидан кейин 4 майдан 11 майга қадар корхоналар босқичма-босқич ишга туширилиши иқтисодиётни қайтадан йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўзда тутилмоқда. Кечагина блок-постлар олинди (суҳбат 1 май куни ёзиб олинган), кўчаларда машина ва транспортлар қатнови, шунингдек, фуқароларнинг юриш-туриши сезиларли кўпайган.

4 майдан бошлаб айрим корхона ва ташкилотларнинг фаолияти тиклана бошлайди. 11 майдан бошлаб фавқулодда вазият бекор қилинади, деган умидимиз бор.

Алишер Сатвалдиев

Марказий Осиё давлатлари кўпчилиги аграр давлатлар ҳисобланади. Қозоғистонда ҳам худди Ўзбекистондагидек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ўз фаолиятлари билан шуғулланишга рухсат берилдими? Ёки улар ҳалигача карантин чекловлари таъсири доирасида қолишяптими?

– Бизда бу масала энди кўтарилмоқда. Чунки Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қозоғистон минтақа шимолида жойлашган. Шу сабабли экинлар энди ҳосилга киришни бошламоқда.