Жаҳон | 08:36 / 07.05.2020
15517
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла президентини АҚШга олиб чиқиб кетмоқчи бўлишган

Венесуэлага бостириб кириб, президент Николас Мадурони ўлдиришга уриниш вақтида қўлга олинган икки америкаликдан бири диверсантларнинг режаси ҳақида сўзлаб берди, Унинг таъкидлашича, жангарилар Мадурони АҚШга олиб чиқиб кетишлари керак бўлган.

Фото: REUTERS

Қўлга олинган америкалик, Флоридада жойлашган Silvercopp хусусий қўриқлаш компанияси ходими Люк Денманнинг сўроқ қилиниши видеоси Мадуронинг твиттердаги саҳифасида жойланган. 

“Биз Венесуэлага етиб бориб, Каракасга тушишимиз ва аэропортни босиб олишимиз керак эди. Биз олган кўрсатмалар президент Мадурони самолётга хавфсиз ўтказишни таъминлаш учун аэропортни босиб олишни ўз ичига олган”, деб айтган америкалик.

Шаҳарда тактик операциялар ўтказиш бўйича мутахассис ҳисобланган Денманнинг айтишича, ҳужумда иштирок этганлик учун гонорар 50 мингдан 100 минг долларгачани ташкил қилган, жангарилар гуруҳи эса 20 кишидан иборат бўлган. Ҳужумга тайёргарлик 2019 йил декабрда бошланган.

Асирга олинган америкалик жангарилар гуруҳи таркибига Silvercorp’нинг яна 2 ходими киргани ва бу хусусий компания раҳбарига буйруқларни шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп берганини қўшимча қилган.

Венесуэла ички ишлар вазири Нестор Ревероль 3 май куни денгиз томондан колумбиялик жангарилар ҳужуми қайтарилганини маълум қилганди. Маълумотларга кўра, жангарилар Венесуэлага тезюрар катерларда бостириб кирмоқчи бўлган. Кейинроқ ҳужумни қайтариш вақтида 8 киши қўлга олингани, 2 киши йўқ қилингани маълум қилинган.

Венесуэла президенти Николас Мадуронинг маълум қилишича, ҳужум иштирокчилари орасида икки америкалик - АҚШ президенти шахсий қўриқлаш хизмати ходимлари бўлган.

Вашингтон ўз фуқаролари қўлга олинганини тасдиқламаган. АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШ қўлга олинганлар ҳақиқатан ҳам америкаликлар эканини аниқлаш бўйича жараён бошлашини маълум қилган.

“Агар Мадуро тузуми уларни ушлаб туришга қарор қилса, биз уларни қайтариш учун барча воситалардан фойдаланамиз”, деб айтган Помпео. 

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ва Пентагон раҳбари Марк Эспер Вашингтоннинг ушбу воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилишган.

Мавзуга оид