Ўзбекистон | 14:44 / 08.05.2020
40135
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Тожикистонга гуманитар кўчма тиббий контейнерлар жўнатди

Контейнерлардан коронавирус пандемияси даврида мобил шифохоналар сифатида фойдаланиш кўзда тутилган.

Фото: Facebook / Zafar Khudaykulov

7 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев гуманитар ёрдам сифатида Тожикистонга 144та мобил тиббий контейнер юборган. Коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш ва даволаш учун мўлжалланган тиббий контейнерлардан иборат ёрдам юк поездлари орқали 8 май куни эрталаб Душанбе шаҳрига етиб борган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига таяниб «Азия-Плюс» сайти хабар бермоқда.

Бундай тиббий контейнерлар қўшни юртда коронавирус пандемияси пайтида кўчма касалхона сифатида ишлатилади.

«Улар беморларни қабул қилиш учун касалхоналарда жой етишмаганда асқотади», деган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасидаги манба.

Хабар қилинишича, тиббий контейнерлар тўлиқ жиҳозланган ва уларда чойшаблар тўшалган ўрин, ювиниш хонаси ва ҳожатхона мавжуд. Ҳатто кондиционерлар ҳам ўрнатилган.

Тожикистон томонининг маълум қилишича, тиббий контейнерлар кўчма касалхона ташкил этиладиган «Бофанда» стадионига етказилади.

Бундан аввалроқ Душанбе мэри Рустам Имомали Тожикистон пойтахтида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинолардан иккитасини касалхона сифатида фойдаланиш учун жиҳозлаш тўғрисида кўрсатма берган эди. Улар жиҳозлангандан сўнг бир пайтда 800 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Ҳар иккала бино ҳам ҳукумат маблағлари ҳисобидан аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида қурилаётган эди.

Шу билан бирга, Рустам Имомали ҳозирги касалхоналарда жой етишмаётган вазиятни инобатга олиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб коронавирус юқтирган одамларни даволаш учун имкон қадар тезроқ уч минг ўриндан иборат вақтинчалик касалхоналарни тайёрлашни буюрган эди. Душанбеда ана шундай вақтинчалик касалхоналардан бири «Бофанда» стадионида ташкил этилаяпти.

Тожикистонда коронавирус аниқлангани илк марта 30 апрель куни эълон қилинганди. Ушбу мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони кўпайишда давом этмоқда. 7 май куни коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 82тага ошиб, жами касалланиш ҳолатлари сони 461 нафарга етди. Шу вақтгача 12 киши коронавирусдан вафот этгани тасдиқланган.

Шу кунларда тожикистонликлар томонидан ижтимоий тармоқларда пойтахт касалхоналарида жой йўқлиги ва шу туфайли уларнинг ўзини ёки қариндошини даволаш учун қабул қилишмаётгани ҳақида хабар қолдирилмоқда. Улар коронавирусга чалиниш ҳолати яқин кунларда кўпайиб бораверишини инобатга олиб ҳукумат барча беморлар учун кўпроқ жой тайёрлаши кераклиги ҳақида ёзишмоқда, ҳукумат бугун бўш турган меҳмонхоналар, спорт заллари ва масжидлардан ҳам вақтинчалик касалхона сифатида фойдаланиши лозимлиги қайд этилмоқда.

Бундан аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмонда ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, лекин расмийлар бу хабарни рад этганди.

Мавзуга оид