Россия – эътибор марказида

2020 йил бошидан эътиборан янги турдаги коронавирусга қарши кураш энг катта глобал муаммога айланди. Агар бугунги кунга қадар содир бўлган воқеаларга назар ташланса, дунё, аслида, ушбу эпидемияга тайёр эмаслиги ва ҳар бир мамлакат вирусга қарши ўз имконияти ва услуби билан курашаётганини кўриш мумкин.

Ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам ушбу бало қаршисида ожиз қолди. Сўнгги йилларда халқаро майдондаги муаммоларга шунчаки муносабат билдириш, баёнот бериш билангина кифояланиб келаётган БМТ ҳам бу борада эътирофга арзигулик бирор ишни қойиллата олмади. Қолаверса, Covid-19’нинг ўлимчил сояси остида қолган Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши натижасида юзага келган кемтик келгусида глобал сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий мувозанатда жиддий ўзгаришлар юзага келишига ишора қилмоқда.

Бугунги кунда сайёрада Туркманистон, Шимолий Корея, Лесото ва бир неча орол давлатни ҳисобга олмаганда, коронавирус тажовузига дучор бўлмаган давлат қолмади. Албатта, ушбу жараёнда баъзи давлатлар кўпроқ, баъзилари эса камроқ йўқотишга учради. Ҳукуматлар томонидан қабул қилинган қарорлар ҳам турлича бўлди. Айниқса, Россия сўнгги кунларда вирус шиддат билан ёйилаётган мамлакат сифатида дунё афкор оммаси эътибор марказида бўлиб турибди.

Рақамлар ортишининг қандай сабаблари бор?

Агар Хитой-Россия чегараси 4 минг километрдан кўпроқ масофани ташкил қилишини, қолаверса, вируснинг «ватан»и Хитой эканини ҳисобга олсак, Россиядаги бу ҳолат, аслида, олдинроқ рўй бериши мумкин эди. Россия январь ойида Хитой ва Мўғулистон билан чегараларини ёпди. Айтиш мумкинки, ушбу қадам Covid-19 билан «учрашув»ни кейинга сурди. Шу билан биргаликда, Россия бошқа давлатлар билан чегараларини 30 мартга қадар очиқ қолдирди. Бу эса апрель ойининг иккинчи ярмидан мамлакатда коронавирус кенг миқёсда тарқалишига сабаб бўлди. Хўш, кунлик ҳолатлар сони 10 мингдан кам бўлмаётган Россияда рақамлар тобора юқорилаб бораётгани яна қандай омиллар билан боғлиқ?

Covid-19 гриппнинг бир тури сифатида баҳоланди

Россияда дастлаб ушбу касалликка чалинганлар одатий шамоллаш ёки грипп, деб баҳоланди. Натижада керакли чора-тадбирлар кўрилганига қарамай, халқ Covid-19’ни жиддий қабул қилмади. Яъни худди Скандинавия мамлакатларида бўлгани каби коронавирус гриппнинг бир тури сифатида қабул қилинди.