Ўзбекистон | 17:55 / 08.05.2020
62106
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги тошқинда оқиб кетган Миллий гвардия ходимлари ҳақида маълумот берилди

«Сардоба» сув омборидаги техноген офат оқибатида юзага келган тошқинда Миллий гвардиянинг уч нафар ходими оқиб кетган. Улардан бири қутқарилган, бири ҳалок бўлган, яна бир ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.

Миллий гвардия тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Тўлқин Қодиров 8 май кунги брифингда бундан бир ҳафта муқаддам рўй берган «Сардоба» авариясидан жабрланган ходимлар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра:

  • Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажариш отряди гуруҳ командири капитан Ибрагимов Санжар Ботирович,
  • махсус вазифаларни бажарувчи отряд гуруҳ мутахассиси оддий аскар Суюнов Ҳазрат Караматович,
  • жанговар отряд муҳандис-сапёр гуруҳи мутахассиси 3-даражали сержант Суяров Ҳусниддин Зокирович аҳолини эвакуация қилиш тадбирлари жараёнида сув тошқинида оқиб кетишган.

«Қидирув натижасига кўра, капитан Ибрагимов ҳодиса жойидан 15 км узоқликда соғ ҳолда топилган.

Сержант Суяровнинг жасади 3 май куни соат саккизларда Оқолтин тумани Аҳиллик қишлоғи Кичик Бобур маҳалласидан топилган.

сержант Суяров Ҳусниддин Зокирович

Минг афсуски, оддий аскар Суюнов Ҳазрат Караматовични қидириш ишлари ҳали ўз натижасини бергани йўқ», – деди Тўлқин Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса оқибатида 4 киши вафот этиб, бир киши бедарак йўқолгани, 56 киши касалхонага ётқизилгани маълум қилинган эди.

5 май кунги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Йигитларимизнинг жасорати барча касбдошлари ва ёшлар учун Ватанга, халқимизга содиқлик ва фидокорона хизмат қилишнинг намунаси бўлиб қолади», – деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид