Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон ҳудудларида сўнгги 25 кун ичида Covid-19 касаллигининг қайд этилиши ва соғайиш кўрсаткичлари динамикаси бўйича маълумотларни эълон қилди.
Қорақалпоғистонда шу вақтгача 114та ҳолат қайд этилган (шундан 81таси сўнгги 25 кунда), улардан 101 нафари соғайган (89 фоиз), 13 киши даволанмоқда. Ушбу ҳудудда 30 апрелдан бошлаб бир ҳафта давомида бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган, фақат сўнгги икки кунда 5 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тошкент шаҳрида 15 март кунидан буён жами 738та зарарланиш ҳолати қайд этилган (шундан 411таси сўнгги 25 кунда), улардан 548 нафари соғайган (74 фоиз), 5 бемор вафот этган, 188 бемор даволанишни давом эттирмоқда. Ўтган вақт давомида фақат бир кунда - 2 май куни Ўзбекистон пойтахтида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмаган. Сўнгги икки кунда жами 63та янги зарарланиш ҳолати қайд этилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри «сариқ» ҳудуд сифатида белгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг Kun.uz’га изоҳ беришича, Тошкентда қайд этилаётган ўсиш ҳолатлари чегарада аниқланаётган беморлар билан боғлиқ, асосан Тожикистондан кириб келувчиларда вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмоқда, шаҳар ҳудудида сўнгги ҳафталарда янги зарарланиш ҳолатлари аниқланмаган.
Андижон вилоятида шу вақтгача жами 166 ҳолат қайд этилган (шундан 69таси сўнгги 25 кунда), беморларнинг 131 нафари соғайган (81 фоиз), 31 киши даволанмоқда. Мазкур ҳудудда 3 майдан бошлаб янги ҳолатлар қайд этилиши тўхтаганди, аммо 8 май куни бир кишида вирус аниқланди.

Бухоро вилоятида шу вақтгача жами 440 ҳолат қайд этилган, беморларнинг 404 нафари соғайган (92 фоиз), 36 киши даволанмоқда. Ушбу вилоятдаги ҳолатлар хориждан келган ва карантинга жойлаштирилган фуқаролар орасида аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафтада жами 12 кишига (3 май куни олти, 5 май куни бир ва 8 май куни беш бемор) вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.




























