Ўзбекистон | 12:26 / 09.05.2020
6069
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Социал туризм ассоциацияси ташкил этилди

Ассоциация мамлакатда инклюзив туризмни ривожлантиришга ҳамда бу борада хорижий турдош уюшмалар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш йўлида хизмат қилади.

Сайёҳларнинг барча тоифаларини қамраб олиш ва улар учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси ташкил этилди.

Туризм қўмитаси хабарига кўра, янги ассоциациянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

имконияти чекланган юртдошларимиз ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун хайрия акцияларини ўтказиш;

имконияти чекланган шахслар саёҳат қилишлари учун шароитлар яратишга кўмаклашиш;

социал туризм соҳасида давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

инклюзив туризмни ривожлантириш доирасида болалар, ёшлар, учинчи ёш тоифа вакиллари, шунингдек ногиронлиги бўлган кишилар учун туризм ҳамда экскурсияларни ташкил этишга кўмаклашиш.

Билдирилишича, Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси мамлакатда инклюзив туризмни ривожлантиришга ҳамда бу борада хорижий турдош уюшмалар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш йўлида хизмат қилади.

Социал туризм ассоциацияси кенгаши раиси этиб Иззатилла Хўжаев тайинланди. Унинг сўзларига кўра, Ассоциация Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш истагидаги жисмоний шахсларни бирлаштириш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини социал туризмни ривожлантиришга йўналтириш, жумладан болалар, ёшлар, кексалар, шунингдек ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг саёҳатларини ташкил этишга кўмаклашади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда имконияти чекланганлар учун “Саёҳат барча учун!” хайрия саёҳати ташкил этилади ҳамда уларнинг диққатга сазовор масканларда саёҳат қилиш имкониятларини баҳолаш ишлари амалга оширилади.

Мавзуга оид