Дунё лидерлари ва турли ташкилотлар коронавирусга қарши вакцина топиш учун 8 миллиард доллар ажратди – уларнинг кўпчилиги вакцина топилса, ундан ҳеч бир давлат қуруқ қолмаслигидан умид қилмоқда, дейилади Жаҳон иқтисодий форуми сайтидаги мақолада.
Италия – вирус тарқалиши туфайли оғир вазиятда қолган давлатлардан бири. Бу ерда салкам 2 ойлик карантиндан сўнг, 4,5 миллион одамга ишга боришга рухсат берилди. Қурувчилар ҳам қайта иш бошлашди, қариндошлар эса кўришиш имконига эга бўлди.

Италиялик аёл Мария Галлуззо 3 ёшли неварасини 8 ҳафта деганда биринчи марта кўргани, Римдаги парклардан бирида уни завқ билан сайр қилдириб юрганини айтади.
Италия бош вазири Жузеппе Конте 30 мингдан ортиқ қурбон берган мамлакат «ҳануз пандемия қўрқуви ичида» қолаётганини айтди.
https://ok.ru/videoembed/1490652039871
Италия статистика идораси берган маълумотга кўра, Covid-19 ташхиси қўйилмасдан вафот этган ёки соғлиқни сақлаш тизими ҳаддан ортиқ банд бўлиб қолгани туфайли тиббий ёрдам ола олмай ҳаётдан кўз юмганлар сони тахминан 11600 нафарни ташкил этади.
Ҳозир ҳам Италияда бир жойда йиғилиш тақиқланган. Кўплаб дўконлар 18 майгача ёпиқ бўлади. Мактаб, кино ва театрлар қачон очилиши номаълум.
«Ҳаммаси изига тушаётгани яхши, лекин дунё бутунлай ўзгарган. Ҳаммасини жуда кеч бошладик, деган ташвишдаман. Мамлакат вируснинг иккинчи тўлқинига дош бера оладими ёки йўқми, билмадим», – дейди Римда умумий овқатланиш соҳасида ишловчи аёл Жанлука Мартуччи.
Дунё бўйича вирус юқтириш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича биринчи ўринда турган АҚШнинг айрим штатлари ҳам бизнесга чекловларни енгиллаштирмоқда.

Шу билан бирга, The New York Times нашрининг ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзишича, май ойи охирига бориб америкаликларнинг коронавирус туфайли кунлик ўлим ҳолати 3 мингга чиқиши кутилмоқда. Ҳозир вирусдан АҚШда кунига ўртача 2 минг киши қурбон бўляпти.


















