Европада нацистлар устидан қозонилган ғалаба ҳали ҳаммаси эмас, ҳали Японияда ҳам ғалаба қилиш керак эди, аммо айнан 9 майдаги ғалаба дунё сиёсатида кўп нарсани ўзгартирди. Урушдан сўнг АҚШ дунёдаги етакчи ҳарбий супердержавага айланди, шунингдек, ядро қуроли яратиш бўйича ҳам Россияни ортда қолдирди. Бу эса стратегик жиҳатдан энг қудратли бўлиш учун ҳал қилувчи омил эди.
Кўп ўтмай СССР ҳам ўз атом бомбасига эга бўлди. Империянинг Шарқий Европада назорат ўрнатишга интилиши кейинчалик дунё сиёсатида можаролар кам бўлишига умид қилмаса ҳам бўлишини англатарди. Кейинчалик Шимолий Атлантика ҳарбий альянси НАТО пайдо бўлди ва бир қарашда АҚШ ҳамда Ғарбий Европа мамлакатлари ўртасидаги ҳарбий, дипломатик алоқалар изига тушгандек кўринди. Тарихчи Энн Эпплбаум ВВС нашрига берган интервьюсида урушдан кейин ўзига хос «Ғарб» тушунчаси пайдо бўлгани, бу нафақат тўғридан тўғри чегарадош, балки қадриятлар билан боғланган иттифоқларни бирлаштирганини қайд этди.
Яна бир тарихчи Майкл Кларкнинг айтишича, дунёда нафақат НАТОнинг тузилиш каби катта ўзгаришлар содир бўлди, балки бутун бошли янги тизим юзага келди: «Урушгача бўлган даврдан деярли ҳеч нарса қолмади. «Урушдан кейинги харобаларда глобал миқёсда тартиб ўрнатиш» муҳимлиги кўриниб қолди. Бунга эҳтиёж 1919 йилдагидан ҳам (Биринчи жаҳон уруши назарда тутилмоқда) юқори эди».
Урушдан кейинги дунёда тузилган асосий ташкилот, шубҳасиз, БМТ бўлди. Кейинчалик Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Бреттон-Вудс валюта тизими каби муҳим халқаро ташкилотлар тузилди.

Майкл Кларкнинг фикрича, номи саналган бу ташкилотларнинг тузилишида Британиянинг ҳиссаси катта бўлса-да, ҳал қилувчи сўзни АҚШ айтган: «Деярли барча халқаро ташкилотларнинг пайдо бўлиши АҚШнинг унга қизиқиши ва қўллашига боғлиқ эди. Ғарб назоратидаги бу ташкилотларнинг пайдо бўлиши 1950-60-йилларда дунё иқтисодиётида, умуман, бутун дунёда тартиб ўрнатди. Ҳозир ана шу тартиб хавф остида қолган, чунки уни назорат қиладиган сиёсий муҳит тез-тез ўзгариб турибди».
Бу баланс ўзгараётганининг сабабини ҳар куни телеянгиликларда кўряпмиз. Бир томонда Хитой кучайишда давом этмоқда, бир томонда Осиё ва Узоқ Шарқ давлатларининг иқтисодий қудрати ўсган. Европанинг аксар давлатларида эса популистик ҳаракатлар урчиган.
Дунёдаги тартиб йўқолиб бораётганига НАТОнинг ўзидаги ички зиддиятларни ҳам келтириш мумкин. Дарвоқе, Дональд Трамп унинг авж олишига «ўз ҳиссасини қўшди». У альянснинг Вашингтон учун муҳимлигини шубҳа остида қолдирди. ВВС’га кўра, НАТОга аъзо Туркия ва Венгрия каби давлатларда авторитар тизим амалда эканини ҳам унутмаслик керак.
















