«Феррари» «Формула-1» бўйича тўрт марта жаҳон чемпиони Себастьян Феттель билан шартномасини узайтирмаслигини маълум қилди. Томонлар янги шартнома шартлари боасида келиша олмади.
«Биз ҳам, Себастьян ҳам бу қарорни тўғри деб ҳисоблаймиз. Феттель — ажойиб пилот, унинг кетишидан афсусдамиз. Жамоада келишмовчилик йўқ, шунчаки олға юришда давом этиш кераклигини, йўлларимиз эса айрилишини тушундик», — деди «Феррари» раҳбари Маттиа Бинотто.
32 ёшли Феттелнинг шартномаси ушбу мавсум якунланиши билан тугайди. Унинг бир йиллик маоши 40 млн еврони ташкил этади. Аввалроқ F1-Insider портали «Феррари» Феттелга икки мавсумга шартнома таклиф қилганини ёзганди. Шу билан бирга, шартномадаги тўлов миқдори коронавирус пандемияси сабабли юзага келган инқироз боис ҳозиргидан анча кам кўрсатилганди.
Феттель «Формула-1»да 2007 йилдан бери қатнашиб келади. У «Ред Булл» жамоаси сафида тўрт марта жаҳон чемпиони бўлган (2010–2013). Немис пойгачиси «Феррари»га 2015 йилда ўтганди.
Коронавирус тарқалиши сабабли «Формула-1»нинг янги мавсуми ҳозирча бошланмади. Баҳрайн, Вьетнам, Хитой, Нидерландия, Озарбойжон ва Канада гран-прилари муддати кўчирилди, Австралия, Монако, Испания ва Франция босқичлари бекор қилинди.
















