Россияда коронавирусдан ўлим кам кузатилаётганини Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова бир неча бор таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бундай натижага «[беморларни] ўз вақтида аниқлаш ва ўз вақтида даволаш» туфайли эришилган.
«Россия Федерациясида янги коронавирус инфекциясидан ўлим даражаси дунё миқёсидаги кўрсаткичдан 7,6 баравар паст. Москвада бу кўрсаткич дунёга нисбатан 6,8 баравар кам», деди бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова 12 май куни.
Апрель ойида Россияда 1145 киши коронавирусдан вафот этди. Ўлим ҳолатларининг ярмидан кўпи Москвада қайд этилган, пойтахтда Covid-19'дан 642 киши вафот этган.
- Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 242 271га етган, шундан 2212 киши вафот этган.
10 май куни мутахассислар Москвадаги умумий ўлим ҳолати тўғрисидаги янги хабарларга эътибор қаратишди. ФҲДЁ маълумотларига кўра, апрель ойида пойтахтда 11,8 мингдан ортиқ одам вафот этган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг апрелига нисбатан 18 фоизга кўп, шунингдек, 2010-2019 йилларда бу ойдаги ўртача ўлим кўрсаткичидан 20 фоизга кўпроқ.
Янада аниқлик киритиладиган бўлса, апрель ойида ўртача кўрсаткичга нисбатан деярли 2 мингта кўп ўлим рўйхатга олинган. Аммо агар ушбу ойда Covid-19'дан фақат 642 киши ўлган бўлса, унда яна 1,4 мингта ўлим қаердан пайдо бўлган?

«Россия ҳукумати статистикани бошқармайди», деди Голикова 12 май куни.
Бунинг сабаби Россия ҳукумати бошқа мамлакатларга қараганда коронавирусдан ўлимни ҳисоблашда бироз бошқача усулдан фойдаланаётгани бўлиши мумкин. BBC'нинг рус хизмати фарқ нимада эканлигини изоҳлаган.
Қандай ҳисоблаш керак?
Турли мамлакатларда коронавирусдан ўлимни таққослаш фарқли ҳисоблаш усуллари туфайли осон иш эмас. Масалан, Бельгия Covid-19 ўлими бўйича якуний статистикага шунчаки коронавирус инфекцияси борлигига шубҳаланилган ҳолатлардаги ўлимни ҳам қўшади. Натижада, Бельгияда коронавирус ўлимига оид маълумотлар бошқаларга қараганда анча юқори - 53 мингдан ошиқ ҳолат ва 8,8 мингдан ошиқ ўлим.
Аксарият мамлакатлар эса статистикага коронавирус учун тести ижобий бўлган ва вафот этган беморларнинг барчасини киритишади. Яъни, нафақат тўғридан тўғри коронавирусдан вафот этган беморлар, балки Covid-19 билан биргаликда бошқа сурункали касалликдан азият чеккан беморлар ҳам ҳисобга олинади.








