Раҳмиддин Собиржонов:

– Биз Россиянинг Қозон шаҳридаги Қозон Миллий технологик тадқиқотлар университети магистрантимиз. Тошкент кимё-технология университетини битириб, у ердан шартнома асосида бу ерга магистратура йўналишини давом эттириш мақсадида юборилганмиз. Мурожаат қилаётганларнинг барчаси шу йўналиш – институтлараро шартнома асосида келган.  

Татаристонда коронавирус билан касалланганлар сони 1700 нафардан ошган бўлса, Қозон шаҳрининг ўзида бугунги кунда 770 нафарни ташкил этмоқда. Бу рақам янада ўсиши эҳтимоли жуда катта, чунки кўчада одамлар карантин ва ўз-ўзини изоляциялаш қоидаларига амал қилаётгани йўқ. Шунингдек, эртадан бошлаб карантин қоидалари юмшатилиши тўғрисида қарор чиқди, истаган одам кўчага чиқиши мумкин. Бу эса пандемия жуда авж олиб бораётган пайтда касалликнинг янада тарқалишига сабаб бўлиши турган гап.

Биз ётоқхоналар бўйича тақсимланганмиз. Бу ердаги 3-ётоқхонада ўзбекистонлик талабалар яшайди. Ўша ерда ҳам бошқа миллат фуқаросида коронавирус аниқлангани учун айни пайтда ётоқхона бутунлай ёпилган.

Биз яшаётган талабалар ётоқхонасида ҳам жуда кўп миллатлар яшайди. Уларнинг ҳаммаси ҳам қоидаларга риоя қилмайди, яъни кўчага чиқиб юрган, ишлаётганлар бор. Улар билан ҳар куни алоқада бўламиз. Чунки ҳамма нарсамиз умумий.

15 мартдан бошлаб ўқишимиз онлайн шаклга ўтказилган. Онлайн ўқишни ҳам якунлаб, имтиҳонларни топшириб бўлдик. Ҳозир фақат Ўзбекистонга чартер рейслар қўйилишини кутмоқдамиз. Аҳволимиз жуда ҳам яхши эмас. Ота-оналаримиз ҳам бизга ёрдам бера олмайди, уларнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаяпти, биздан хавотирда. Молиявий томондан оладиган бўлсак, илгари кўпчилик кечки пайт 1-2 соат бўлса ҳам ишлаб, кунини кўрарди. Ҳозир бунинг ҳам иложи қолмаган ва аҳволимиз жуда ёмонлашиб қолган.

Фарҳод Халилов:

– Ҳозирги кунга келиб имтиҳонларимиз деярли тамомланган. Фақат касбий амалиёт ва соҳа бўйича курс иши билан машғулмиз. Бизга онлайн тарзда материал жўнатишади, шу бўйича тайёрланиб, уларга онлайн тарзда жўнатамиз. Ётоқхонадаги аҳволга келадиган бўлсак, пандемиянинг бошланғич даврида Россияда ўз-ўзини изоляция қилиш режимига ўтгандан кейин ётоқхонада яшайдиган ўз фуқароларига хоҳишига кўра ётоқхонани тарк этиш тавсия этилди. Бу ҳам мажбурий эмас. Қозон шаҳридан 200-300 км узоқликда жойлашган уйларига кетиш маслаҳат берилди. Бу ерда ҳозир фақатгина Марказий Осиё минтақаси фуқаролари қолган. Бундан ташқари, Америка ва Вьетнам фуқаролари ҳам бор. Ҳозирги кунда деярли кўчага чиқмаймиз, фақатгина озиқ-овқат маҳсулотлари учун ёки энг зарур ишлар билан чиқишимиз мумкин. Ётоқхонада бошқа миллат вакилларидан ишлаётганлар ҳам бор. Улардан қанчалик ҳимоялансак ҳам, қўрқув бор. Чунки ётоқхонада бир кишида вирус бўлса, ҳаммага тарқаб кетади. Ошхона, ювиниш хоналари ва бошқа жиҳозлар барча талабалар учун битта.