Энергетика бўйича илмий тадқиқотчи Сарвар Қурбонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардоба фожиаси юзага келишига сабабчи бўлган омиллар, тизимли муаммолар ва мазкур фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.
– Сардобадаги тўғон ўпирилишига унинг бундай типдаги сув омборларига нисбатан анча қисқа муддатларда барпо этилгани сабаб бўлмаганми?
– Аввало, бизга шу сув омбори керак эдими, деган саволга жавоб топайлик. Ҳар қанча ёмонлашимизга қарамай олдинги даврда мелиорация тизими бўйича жуда қаттиқ назорат ташкил қилинган. Шунинг ҳисобига давлатлараро сув ўтиши, хавфсизлик ёки сув танқислиги каби муаммолар кузатилмаган. Кейин иттифоқ давлатлари мустақил бўла бошлагач, улар тўғон қуриш ишларини бошлаб юборган.
Масалан, Қирғизистон ҳам «Қамбар ота – 1», «Қамбар ота – 2» шаклида сув омборлари қурмоқда, бунинг билан бизга Норин ва Қорадарёдан келадиган сув ўзанини тўсиш, сувни керак пайтда ёпиб, керак бўлмаган пайтда очиб юбориш каби ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Шунинг учун «Роғун» ГЭСи қурилгандан сўнг Ўзбекистонда 2та сув омбори қурилиши амалга оширилган ва буларни жуда тўғри қарор деб биламан.
Биринчиси, водийда Сирдарёдан келадиган сувни тўплаш учун қурилган, кейингиси эса Сирдарё вилоятида Тожикистондан ўтиб оқиб келадиган сувни тўплаб, зарур пайтда қўшни давлатлар чиқараётган сувни тўплаши учун қурилган.
Водийдаги сув омборида тупроқ ва технологик жиҳатдан ташкил қилинган ишлардан хабардорман: қурилишда олимлар ва мутахассислар иштирок этган.
Тендерсиз лойиҳалар балоси ва тизимли муаммолар. Иқтисодчи Сардоба воқеасидан хулосалар ҳақида
Бироқ «Сардоба» сув омбори билан етарли даражада таниш эмас эдим. Мутахассислар билан гаплашганимда, улар қурилишга кўп маблағ сарфланганини омбор қурилиши жараёнида жойни қайта тайёрлаш учун тупроқ алмаштирилгани билан изоҳлаш мумкинлигини айтишмоқда. Чунки «Сардоба» сув омбори деярли тупроқ билан қуриладиган содда сув омборлари турига киради.
Лойиҳа бўйича тупроқ зичлиги, унинг қандай тупроқ экани лабораториядан ўтказилиб, сув келганда қай даражада нам бўлиши ва сув ўтказиши ёки структура бузилишига қадар ўрганилади. Натижа асосида тупроқ босқичма-босқич кўтарилиб борилади. Ҳар бир кўтарилганда тупроқ билан боғлиқ синовлар ўтказиб борилади ва махсус сенсорлар ўрнатилади.
















