13 май куни Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати вилоятдаги тиббиёт ходимлардан бири 34 кишига коронавирус юқишига сабабчи бўлгани, унга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот тарқатди.
Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида қарама-қарши фикрлар ва норозиликларни келтириб чиқарди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 12 май куни Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасининг бўлим мудири Х.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-1-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги мазкур қарорни қуйидаги асосларга кўра бекор қилиниши лозим деб ҳисоблайди.
Биринчидан, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси биринчи қисми диспозициясидаги қасддан содир этилиши талаб этиладиган қилмишлардан бирортаси фуқаро Х.Д. томонидан содир этилмаган.
Иккинчидан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан жавобгарликка тортиш учун махсус субъект бўлиш талаб этилмайди. Аниқроғи, бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги ҳам қонунда кўрсатилмаган. Айтмоқчи бўлганимиз, тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай кучидан фойдаланилмади? Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди?
Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмади?
Қолаверса, қонунчилигимизда тана ҳарорати ошган фуқаро, хоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, хоҳ бошқа коронавирусга анализ топширмаса жиноий жавобгарликка тортилади, деган мажбурият ҳали ўрнатилгани йўқ.
Юқоридаги ҳолатда тиббиёт ходими ҳисобланган Х.Д. коронавирус инфекциясини жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганлигини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган. Бунгача у ушбу инфекцияни юқтириб олганини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган. Қолаверса, 34 нафар фуқарога коронавирус айнан тиббиёт ходимидан юққанми ёки бошқаданлигини ҳали дастлабки тергов жараёнида исботлаш керак бўлади.







