– Абдуқаҳҳор ака, «Сардоба фожиаси»дан кейингина тўғон қурилиши учун ҳеч қандай тендер ўтказилмагани маълум бўлмоқда. Аслида, бу каби йирик лойиҳалар кимларгадир тендерсиз «совға қилиниши» иқтисодий тил билан айтганда қандай баҳоланади?

– Сўзимнинг аввалида нафақат «Сардоба» сув омбори, балки умумий давлат харидлари тизими ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳар қандай давлатда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қандайдир хизмат қабул қилиб олинса ёки товарлар харид қилинганда бу ишлар давлат харидлари тизими орқали амалга оширилиши керак. Давлат харидлари тизими эса коррупциядан холи бўлиши учун шаффоф ишлаши лозим.

Ўзбекистон Республикасида ҳам «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун, қатор қонуности ҳужжатлар бор. Бир сўз билан айтганда, республикада давлат харидлари тизими ишлаб келмоқда ва қайсидир маънода ўз самарасини кўрсатмоқда.

Лекин давлат харидлари тизимида йўл қўйиладиган айрим камчиликлар оқибатида Сардобадаги каби муаммолар юзага келмоқда. Аслида эса, бир неча юз миллион АҚШ доллари қийматига тенг лойиҳалар умумхалқ муҳокамасига ҳам қўйилиши лозим, менимча.

Нафақат давлат харидлари тизими шаффоф бўлиб, унда исталган корхона ва ташкилотлар иштирок этиши, балки кенг жамоатчилик фикри ҳам ўрганилиши зарур эди. Иқтисодий нуқтайи назардан қараганда, биринчи навбатда «Сардоба» сув омбори каби лойиҳаларнинг ўзи тендерга қўйилиши керак.

«Сардоба» сув омборининг лойиҳа тендери ўтказилиб, унда ўша соҳада юқори тажриба ва халқаро миқёсда обрў-эътиборга эга лойиҳалаш институтлари иштирок этганда бу каби талафотлар юзага келиши қурилиш бошланишидан олдинроқ аниқланган ва олди олинган бўлар эди.

Бу – биринчи омил.