Хўш, эпидемия шароитида хориждаги фуқароларни мамлакатга қайтариш қанчалик тўғри? Ушбу масаланинг мураккаблиги нимада? Бу борада бошқа давлатлар қандай йўл тутмоқда?
Қуйида шу каби саволларга ойдинлик киритилади.
Бошқа мамлакатлар қандай йўл тутмоқда?
Коронавирус эпидемияси сабаб кўплаб мамлакатлар хориждаги фуқароларини ўз уйларига қайтариш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Масалан, Туркия 5 май ҳолатига кўра, ҳаво йўли орқали 103 мамлакатдан 65 мингдан ортиқ фуқаросини ватанга қайтарган.
Руслар ҳам Госуслуг порталида махсус шаклни тўлдириш орқали ватанга қайтишмоқда. Уларнинг юртга қайтиши фақат Шереметьево аэропорти орқали амалга оширилмоқда. Мазкур мамлакатда йўловчилар сони кунига 500 кишидан ошмаслиги кераклиги белгилаб қўйилди. Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикованинг таъкидлашича, ушбу қарор икки сабабга кўра қабул қилинган. Биринчидан, мазкур ҳолат ватанига қайтиш истагини билдирган одамлар рўйхатини шакллантириш билан, иккинчидан, чет элдан қайтиб келган русларни қабул қилиш пунктларининг имкониятлари чеклангани билан боғлиқ.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам эпидемия бошлангандан бери чартер рейслар ёрдамида 520 мингга яқин кишини Европага қайтарди.
АҚШ эса 13 май ҳолатига кўра, ўтган давр мобайнида 132 мамлакат ва ҳудудлардан 900та рейс ташкил қилиш орқали жами 86 минг 576 нафар америкаликни ўз ватанга қайтаришга улгурган.
Статистик маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати томонидан амалга оширилган ҳар бир рейсга ўртача 96 нафар фуқаро тўғри келмоқда. Ушбу мамлакат томонидан муайян бир ҳудудга биттадан 84тагача рейс йўлга қўйилган.
Масаланинг мураккаб томонлари нимада?
Албатта, эпидемия шароитида хориждаги фуқароларни қайтариш масаласининг ҳар бир мамлакат учун ўзига хос мураккаб жиҳатлари мавжуд.
Биринчидан, эпидемия даврида дунё миқёсида ҳаво йўллари соҳасида умумий қисқариш ва чекловлар кузатилаётган айни пайтда бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга рейслар ташкил қилиш муайян қийинчиликлар туғдириши, маълум ташкилий жараёнларни талаб қилиши аниқ. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ва транспорт вазирлигидан одатдагидан кўра фаол бўлишни, уюшган ҳолда – иш бирлиги асосида фаолият олиб боришни тақозо қилади.

















