Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан, Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан мазкур масалани ўрганиб чиқиб, келишувга эришган.
«Мамлакатимизнинг Москва ва Остона шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлиб турган ватандошларимиз рўйхати тузилди ҳамда ташкилий ва транспорт масалалари ҳал қилинди.
Ватанимизга мазкур рўйхатга киритилган жами 1100 нафар ҳамюртимиз олиб келинади.
18 ва 19 май кунлари 550 нафардан ватандошимизнинг автобусларда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқиши режалаштирилган. Улар етиб келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштирилади», – дейилади ТИВ оператив штаби ахборотида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларининг Россия-Қозоғистон чегараси орқали олиб келиниши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналар томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда.
Қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган.
«Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз», – дейилади штаб хабарида.
Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон фуқароларини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб келишнинг қайта бошланиши тўғрисида қўшимча маълумот берилади.
Самара областида тўпланган ўзбекистонликлар учун лагер-обсерватор ташкиллаштирилди
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон чегарасида тўпланганларга Ўзбекистонга ўтиш учун истисно тариқасида бир марта рухсат берилиши ҳақида аввалроқ Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриев Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилган эди.
















