Бундан ташқари, АҚШнинг озиқ-овқат ва фармацевтика воситалари сифатини назорат қилувчи идораси (FDA) апрель ойида коронавирусга қарши курашда гидроксихлорохиннинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисида далиллар мавжуд эмаслиги тўғрисида тавсиялар берганди.
Ушбу препарат ёрдамида Covid-19 касаллигининг олдини олишга келсак, ҳозирги вақтда гидроксихлорохин ёки шунга ўхшаш дорилар коронавирус инфекцияси олдини олиш имконига эгалиги ҳақида ишончли далиллар йўқ, ваҳоланки бу йўналишда клиник тадқиқотлар бир қатор мамлакатларда, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Испания ва Хитойда олиб борилмоқда.
Гидроксихлорохин нима ва у нима учун ишлатилади?

Гидроксихлорохин препарати хлорохиннинг нисбатан сўнгги ва камроқ токсик таъсирга эга талқини, у вирусларга ва яллиғланишга қарши кучлироқ таъсирга эга.
Хлорохин одатда безгак, баъзи протозоал (танада бўлиниш орқали кўпаювчи) инфекциялар, ревматоид артрит ва қизил силни даволаш учун буюрилади.
Ушбу дориларнинг иккиси ҳам кардиотоксик хусусиятга эга ва айниқса юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммоларга эга беморларда аритмия ва тахикардия ривожланишига олиб келиши мумкин — бу ҳақда FDA огоҳлантирган ва бу билдириш ушбу икки дори воситасидан Covid-19'ни амбулатор шароитда даволашда ёки клиник тадқиқотларда фойдаланиш билан боғлиқ хабарлар асносида янграган.
АҚШда ветеранлар касалхонасининг 368 беморида ўтказилган клиник синовга кўра, гидроксихорохинни қабул қилган Covid-19 беморларида ўлим даражаси стандарт даволаниш курсини олганлардан юқори бўлган.
Вирусларга қарши моддаларни тадқиқ қилиш бўйича халқаро жамият вице-президенти, профессор Кэтрин Сели-Радтке ҳам хлорохинга унинг Covid-19'ни даволашдаги самарадорлиги тўғрисида далиллар бўлмай туриб жуда катта эътибор берилаётганини таъкидлади.
«Энг муҳими, бу хавфли ножўя таъсирга олиб келиши ва одамларга нотўғри умид бағишлаши мумкин», деб ёзади профессор sciencealert.com сайтида.
Нега бир қатор мамлакатларда безгакка қарши воситалардан Covid-19'ни даволашда қўлланилмоқда?








