Фарғона вилояти Фарғона туманининг «Тошқўрғоназиз» маҳалласидан келган мурожаат ва фотосуратлар билан танишгач, арзномачиларни тинглаш ва муаммони тўлиқ ўрганиш учун ўша манзил томон йўл олдик.

«Тошқўрғоназиз» маҳалласида бизни бир гуруҳ фуқаролар кутиб олишди. Маҳаллада 120та хонадон бўлиб, аҳоли асосан томорқадан олинадиган даромад билан тирикчилигини ўтказади. Уларнинг энг долзарб муаммоси – ичимлик суви ва экинларни суғориш учун оқин сувнинг йўқлигидир.

Оқсоқоллар бизни Тошқўрғоннинг ягона ичимлик суви манбайи атрофида узун навбат ҳосил қилган аҳоли олдига олиб бордилар. У ерда аянчли ҳолатга гувоҳ бўлдик.

«Сувга 5 соатлаб навбатда турамиз»

Қишлоқ аҳолиси рўзғор учун энг керакли ичимлик сувидан қийналиб яшайди. Одамлар резина қувур орқали сойнинг нариги бетидаги хусусий корхонадан сув олиб ўтишган. Вақти-вақти билан кичик босимда сув келадиган биргина «водопровод» жўмраги олдида аёллар-у болалар навбатда туришади.

«Тошқўрғон маҳалласи оқсоқолиман. Асосий муаммомиз – ичимлик суви. Неча йиллардан бери шу аҳвол. Ёзган мурожаатларимиз бир даста бўлди. Қачон ва қаерга мурожаат қилсак: «Ичимлик суви 2021 йилнинг 3-чорагида бўлади», деб жавоб хати келяпти.

Оқин сув ҳам муаммо. Тирикчилик учун фойдаланадиган томорқаларимиз иссиқдан куйиб кетди.

Юртбошимиз: «Бир қарич ҳам экилмаган жой қолмасин», деб айтяптилар. Бироқ биз экин экайлик десак, на ариқда сув бор, на водопроводда.

Туман «Сувоқава» ташкилотидан келишиб, сув минораси ўрнатишди ва тармоқ тортишди. Тармоқни тортиб, ерга кўмиб кетишганига икки йил, сув минорасини ўрнатишганига эса бир йил бўлди.