Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри (экспертизасиз) тан олиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ва илмий-тадқиқот (ИТМ) муассасалари кенгашларининг мурожаатларига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш мувофиқ схема бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан амалга оширилади.
Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида йиғим ундирилади.
Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;
60 фоизи — Олий аттестация комиссиясининг ҳисоб рақамига;
20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг ҳисоб рақамига ўтказилади;
60 фоизи — Олий аттестация комиссиясининг ҳисоб рақамига;
20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади
Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Ўзбекистон Республикаси ОТМ/ИТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ ОАК томонидан амалга оширилади.
Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ОТМ/ИТМ томонидан амалга оширилади. Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари ёки илмий марказларида илмий унвонлар берилгани тўғрисидаги маълумотларни олишда ОТМ/ИТМга кўмаклашади.









