Жаҳон | 08:31 / 26.05.2020
11007
2 дақиқада ўқилади

«Жуда узоқ давом этувчи карантин тузатиб бўлмас зиён етказиши мумкин» - АҚШнинг бош инфекционисти

АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи карантин борасидаги фикрларини ўзгартирди. Энди у, аксинча, узоқ давом этувчи чекловлар хавфли эканидан огоҳлантирмоқда ва карантиндан чиқиш вақтида шунчаки эҳтиёткор бўлишни тавсия қилмоқда.   

Айни вақтда кўплаб давлатлар ҳукуматлари олдида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайса-да, иқтисодиётни жонлантириш учун чекловларни бекор қилиш ёки Хитой каби вируснинг барча тарқалиш йўлларини бостириш учун чекловларни иложи борича узоқроқ сақлашдан бирини танлаш турибди.  

Оқ уйнинг соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатчиси Энтони Фаучи CNBC телеканалига берган интервьюсида коронавирус тарқалишини камайтириш учун киритилган чекловлар жуда узоқ давом этса, “тузатиб бўлмас зиён етказиши” мумкинлигини айтган. 

“Мен одамлар узоқ вақт панада қолиш - муаммодан чиқишнинг йўли деб ўйламасликларини хоҳлайман”, деб айтган олим. Унинг таъкидлашича, АҚШ коронавирус авж олиши бошланганда қатъий чоралар кўришга мажбур бўлган.  
  
“Бироқ жой ва вазиятдан келиб чиқиб, нормал ҳаётга қандайдир даражада қайтиш учун иқтисодиётни, мамлакатни очиш ҳақида жиддий ўйлаш вақти келди”, деб таъкидлаб ўтган Фаучи. Шу билан бирга у чекловларнинг жадал қисқартирилиши хавфидан огоҳлантирган.   

“Фикримча, умуман олганда, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида оқилона сиёсат юргазилмоқда. Одамлар шошиб қолаётган вазиятлар ҳам мавжуд. Шуни айтмоқчиманки, илтимос, агар карантиндан чиқмоқчи бўлсангиз, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилинг”, деб айтган мутахассис.

Аввалроқ республикачилар Фаучини баъзи корхоналар ёпилишини қўллаб-қувватлагани учун танқид қилиб келишаётганди. У бир ҳафтагина олдин конгрессни АҚШда бизнеснинг эрта очилиши “азоб-уқубатлар ва ўлимларга олиб келиши” ва АҚШ иқтисодиётни тиклашга халақит қилиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.    

Ўшанда у коронавирус кузда барибир яна қайтишини айтган. Унинг таъкидлашича, агар чегаралар очилса, АҚШга ҳамма  ёқдан одамлар кела бошлайди ва вирусдан халос бўлишнинг имкони бўлмайди.

Мавзуга оид