Байден ғалабани илиб кетиши мумкин, агар...
59-президентлик сайловлари тобора яқинлашмоқда. Аммо эпидемия ёз ойлари, айниқса, сайловлар пайтида мамлакатга қандай таъсир ўтказади, деган савол кун тартибидан тушмаяпти.
Трамп ва Демократлар партияси номзоди Жо Байден ўртасидаги рақобат давом этмоқда, бироқ барчани ташвишлантираётган асосий муаммо – Америка иқтисодиётининг келгуси тақдиридир.
Мамлакат миқёсида ўтказилган сўровномаларда олдинга чиқиб олган Байден, «тебранувчи» штатларда ҳам Трамп билан яккама-якка курашадигандай кўриняпти. Оммавий ахборот воситаларидаги материалларни кўздан кечирадиган бўлсак, Covid-19 эпидемияси иқтисодиётга – Трамнинг «шахмат тахтаси»даги энг асосий фигурага зарба бергани ойдинлашади.
Трамп маъмуриятининг эпидемияга қарши чора кўришда кечиккан-кечикмагани, вируснинг Хитойдаги лабораториядан чиққан-чиқмагани хусусида жиддий баҳсга киришган республикачилар ва демократлар, айтиш мумкинки, сўнгги йиллардаги энг муҳим президентлик сайловларини кун санаб кутишмоқда.
Мана шундай инқироз шароитда қайси масалалар сайловларга таъсир ўтказиши мумкинлиги Америка жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб турибди.
Ушбу мунозаралар фонидаги умумий фикр шундан иборатки, агар Трамп сайловларга қадар иқтисодий тикланишни амалга ошира олса, сайловда унинг қўли баланд келади. Аммо у буни уддалай олмаса, Байден осонликча ғалабани илиб кетиши мумкин.
Иқтисодий тикланиш нимани англатади?
Шубҳасиз, Трамп учун энг катта қийинчилик – сайловга қадар иқтисодни оёққа турғизишдир. Зотан, президентлик даврида кўплаб мунозарали ишларга қўл урган Трампнинг «иқтисодий муваффақияти» ҳатто либерал оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам қабул қилиниши керак бўлган бир жиҳат сифатида ажралиб туради.
Аввалига Россия масаласидан ортиқча лат емай чиқиб олган Трамп иқтисодий муваффақиятлардан сармаст бўлиб, иккинчи президентлик даврига киришиш учун енг шимараётганди. Бироқ кутилмаганда эпидемия балоси ўртадан чиқиб қолди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий муаммоларга, ҳатто ниқоб етказиб беришда қийинчиликларга дуч келган ҳукумат вирусга қарши чора кўришда кечикиш, эпидемияга етарлича тўғри баҳо бермаганликда айбланди. Устига устак, мамлакат иқтисодиёти кучли зарбага учради.
«Буюк тушкунлик»дан кейин энг жиддий иқтисодий инқирозни бошдан кечирган Америка халқи, табиийки, Оқ уй ва Конгрессдан келувчи «иқтисодий қўллаб-қувватлаш» янгиликларига диққат-эътиборини қаратди.








