"Етти минг кишини битта бино ичига жойлаштириш ғояси ўтмишда қолиб кетиши мумкин", дейди Barclays банки бош директори. Morgan Stanley бошлиғи унинг банки ортиқча кўчмас мулкдан халос бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Британиялик бизнесмен Мартин Сорелл эса қиммат офисларга сарфлаётган 35 миллион фунт стерлингни ишчиларга сарфлаган маъқуллигини айтмоқда.
Офисда кун ўтказишлар якунига етмоқда, дейди "Меҳнат қувончи" (The Joy of Work) китоби муаллифи Брюс Дейсли. "Афсуски, бизда бу борада самимий ҳис-туйғулар пайдо бўлиши мумкин, аммо менимча, бугунги офис тушунчаси ўтмишда қолади", деди Дейсли BBC Radio 4га берган интервьюсида.
"Шу кунларда етакчи ОАВ ходимларидан бири билан гаплашдим, - дейди эксперт. – Унинг сўзларига кўра, илгари идорага ҳар куни 1400 киши ишлагани келарди. Сўнгги икки ой ичида бу рақам 30 кишига тушиб кетди, аммо бу натижага таъсир қилмади".
Катта офислар ўтмишда қолиши мумкин
Бироқ, Жон Касс номидаги Лондон бизнес мактаби профессори Андре Спайcер офислар билан хайрлашиш ҳали эрта деб ҳисоблайди.

У офисларда иш вақтининг кескин қисқаришини башорат қилмоқда, аммо офисдаги меҳнат йўқолиб кетмаслигига ишонади. Унинг фикрига кўра, масофадан ишлайдиган ходимлар камроқ кўтарилади - улар кўп ҳам сезилмайди. Ва яқинлашиб келаётган таназзулни ҳисобга олган ҳолда, кўпчилик раҳбарият кўз олдида бўлишни хоҳлайди.
"Иқтисодий инқироз пайтида одамлар айниқса ўйлашга мойил: иш жойида бўлиш керак, хўжайин мени доим кўриб туриши керак", дейди Спайcер. Унинг қўшимча қилишича, топ-менежерлар доимий равишда офисда ишлайди, оддий ходимлар эса раҳбарият билан кўришиш учун ҳафтада бир ёки икки марта пайдо бўлади.
Twitter аллақачон шунга ўхшаш модел билан тажриба ўтказмоқда - корпорация барча ишчиларга муддатсиз равишда масофадан ишлашга рухсат берди, аммо офисларни очиқ қолдирди.
Уйда ишлаш янгилик эмас. Сўнгги ўн йилликларда тобора кўпроқ компаниялар ишчиларни масофадан ишлашга ўтказиш ёки офислар ўрнига арзонроқ жойларни ижарага олиш орқали маблағларини тежамоқда. "Менимча, тежамкорлик - муҳим рағбат, - дейди профессор Спайcер. - Кўплаб компаниялар ижарага кўп пул сарфлаяпмиз, кўпроқ уйдан ишлайлик деган қарорга келади. Бу аллақачон бошланди".


















