Муваффақиятли юриб кетган битта бизнесга эрта босқичларда ёпилиб кетган ўнлаб компаниялар тўғри келади. Тадбиркор бўлишни ҳамма ҳам истайди, аммо муваффақиятли бизнес қуриш, шубҳасиз, кишидан муайян қобилиятларни талаб қилади.

Кишида бизнесменлик қобилияти бўлса, у нафақат ўз ватанида, балки хорижда ҳам ўз йўналишида ўз ўрнига эга тадбиркор сифатида иш юритиб кета олади.

Бунинг тасдиғини Лондонда костюм бизнеси билан шуғулланаётган андижонлик Элбек Алиев мисолида ҳам кўриш мумкин.

Kun.uz ижодий жамоаси Буюк Британияга сафаридан тайёрлаган навбатдаги мақолада VivaldiPro бренди асосчиси ва раҳбари, 36 ёшли Элбек Алиев билан танишамиз.

«Бир кун келиб костюм тикиш билан шуғулланаман, деб ҳеч ўйламагандим»

Элбек Алиев даставвал фармацевт бўлишни орзу қилган, шу мақсадда 18 ёшида Тошкент фармацевтика институтига ўқишга киради. 2002-2006 йилларда провизор касбини эгаллаш учун ушбу институтда таҳсил олгач, 2006 йилда инглиз тилини ўрганиш учун 6 ойлик курс билан Лондонга келади.

«Келишимнинг сабаби – Тошкентда чет элнинг кўплаб фавмацевтика компаниялари бор эди ва агар инглиз тилини билсангиз, уларга ишга кириш осон эди. Менинг орзум – GlaxoSmithKline`да ишлаш эди».

Шундан сўнг ҳамюртимизда Англияда магистратура босқичида ўқиш мақсади пайдо бўлади. Аммо контракт тўлови – 13 минг фунт учун маблағи йўқлиги сабаб, ишлашига тўғри келади.

«Ўша пайтда, Fabric Warehouse деган парда тикадиган фабрикага ишга кирганмиз. Ўша ерга ишга кириб, тикишни ўргана бошлаганман. Бўлмаса, умримда тикувчи бўламан деб ўйламаганман, бунгача бирон нарса тикишни ҳам билмасдим.

Ўша фабрикада Жеймс Уэбб деган одам футболчиларга костюм тикарди. Биз ҳам ўрганиб, унинг костюмларини биз қилишни бошлаганмиз. Костюмларни биз тайёрлардик, у ўз маркасини қўйиб сотарди. Шу орқали мана шу бизнесга ўтиб кетдим.

Худо берса, ҳаракатингиз бўлса, шундай бўларкан, йўқ жойдан ҳам қандай қилиб бўлса ҳам бошқа соҳага ўтиб кетар экансиз. Умримда ҳеч қачон костюм тикаман деб ўйламаганман», – дейди у.