Ҳаёт инсонни турли синовларга ташлайди. Кимгадир гўзал бахт, яна кимгадир фақат азобли кунларни раво кўради. Баъзилар дуч келган ташвишлар қаршисида довдираб қолади. Иродаси букилмаганлар эса ёруғ кунларни сабр билан кутади. Орамизда тақдир синовларидан қаддини букмай ўтган, эртанги кунидан умид қилиб яшаётганлар борлиги қанчалик яхши...

Самарқанднинг Қўшработида Жўш деган қишлоқ бор. Катта, хуштабиат қишлоқ. Бугун ана шу қишлоқда яшовчи Гулмира Қўшоқованинг ҳаёт ҳикоясини сиз билан бўлишмоқчимиз. Унинг тақдири намуна бўлмаслиги мумкин, аммо ҳеч бўлмаса ўз ҳаётимизга қараб шукур қилишга ундайди. Ҳайратга сабаб бўлгани шуки, суҳбатдошимиз аянчли тақдири ҳақида гапирган бўлса-да, кўзига ёш олмади. Ҳа, унинг эзилган юраги йиғларди, аммо буни ташқарига чиқармасди.

«Эрим «Менга хотин керак эмас», деб айтган»

2010 йил... Энди 19га тўлгандим. Оилада кенжа фарзандман. Эрка, айтганини қилдирадиган қиз эдим. Бўйим етгач, совчилар кела бошлади. Ҳар хил баҳона топиб куёв бўлмишларни рад этавердим. Бир куни бозорга тушиб эдим, қариндошимни кўриб қолим. У менга куёв топганини айтиб қолди. Учрашиб, гаплашиб кўринглар, деди. Учрашувга чиқдим. Тўғриси, йигит кўримсизгина эди. У ўзини ғалати тутгани учун уйдагиларга «ёқмади» дедим.

Орадан 3 ой ўтди. Ўша йигитдан совчилар келди. Дадам «Икки қизимни хоҳлаганимга бердим, бунисининг ихтиёри ҳам ўзимда», деди. Кейин йигит билан яна учрашувга чиқдим. У очиқчасига «Менга хотин эмас, ишчи керак. Еримиз кўп, онам эса ишга ярамай қолган», деди. Уйга келиб онамга рози эмаслигимни айтдим, аммо бу энди ҳеч кимни қизиқтирмасди. Ота-онам раъйига қарши боролмай, мен ҳам рози бўлдим. 10 куни ичида аввал унаштирув, кейин катта тўй бўлди...

«Тўй кечаси куёв ғойиб бўлди. Кейин билсам...»

Тўй ҳам ўтди. Куёв иккимиз ёлғиз қолдик. У сув олиб келишимни сўради. Бир коса сув олиб уйга қайтсам, ҳеч ким йўқ. «Ҳой, қаердасиз?», деб бир неча марта чақирдим. Жимжитлик. Бирор жойга чиқиб кетганмикин деб ўйладим. Кейин қарасам, парда ортига бекиниб турган экан. Бирдан бақириб, чиқиб келди. Нима қилишни билмай қотиб қолдим.

Бўлган воқеани қайнонамга айтиб берганимда, ҳазиллашгандир-да, деди. Орадан 3-4 кун ўтиб қизиқ иш бўлди. Хонамиздаги кўзгу (яъни трюмо) кун сайин ўзидан-ўзи силжиб бораётганидан ҳайрон қолардим. Балки эрим уни суриб қўйгандир, деб ўйладим. Бир куни хонага кирсам, ҳеч ким йўқ, тиққиллаган овоз эшитиляпти. «Қаердасиз, бу ёққа қаранг», дедим. Кулгу овози эшитилди. Эрим кўзгунинг орқа тарафига ўтиб олиб, қиқирлаб куларди. Нима қилишимни билмасдим. Эримдан нега бундай қилаётганини сўрасам, менга хотин керакмас, кетишингни хоҳлайман, деди. Қайнонамдан ўғли нега бундай қилаётганини сўраганимда, бу бир эркалик эканини, эътибор бермаслигимни айтди.