Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш ва унинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ҳақидаги Низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отряди аъзоларига тўланадиган ойлик тўловлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади ва ушбу харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун чегара олди ҳудудларда жойлашган давлат муассасалари биноларидан алоҳида хоналар ажратади ҳамда уларни мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисидаги низомга кўра, кўмаклашувчи отрядлар чегара зонасида, Давлат чегарасига туташ туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар, Давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади. 

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига юкланган вазифаларни бажаришга ихтиёрий равишда иштирок этиш истагини билдирган, соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қиладиган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Кўмаклашувчи отрядларга қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида, унинг таркиби ҳудуднинг географик жойлашуви, вазияти ва заруратидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир чегара бўлинмаси қошида тузилиб, унинг таркиби 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан ташкил топиши мумкин.

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий – ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига қабул қилишда икки томонлама меҳнат шартномаси тузилмайди ва меҳнат дафтарчаси юритилмайди.