1 июнь куни Самарқандда махсус стикерга эга бўлмаган ҳайдовчиларга ҳам ўз автомобилларида шаҳарда эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ва кеч соат 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланишга рухсат берилган эди.

Аммо шу куннинг ўзида ҳайдовчилар белгиланган вақтда ҳаракатланган бўлишига қарамасдан, ДЙҲХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашиналар жарима майдончасига киритиб қўйилаётгани борасида шикоятлар кела бошлади.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро У.И. Сиёб бозори яқинида ўз автомашинасида ҳаракатланаётганида соат 9:30 да ДЙҲХХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, махсус стикерга эга бўлмагани сабабли машинаси жарима майдончасига жўнатилганини маълум қилди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Т.К. ҳам соат 9:30 да худди шу сабаб билан машинаси қамаб қўйилганидан шикоят қилди.

Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Самарқанд вилоят ИИБ вакиллари ҳам соат 10:00 га қадар стикерсиз машиналар жарима майдончасига олинган ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлади.

Аммо ЙҲХБ фақат машиналарни тўхтатиб бериши, ҳужжатлар эса давлат санитария эпидемиология назорати инспекцияси ходимлари томонидан тўлдирилишини маълум қилди.

Аммо аслида рухсат берилгани ҳолда ўнлаб машиналарнинг жаримага тортилиши сабаби ҳақда ЙҲХБ томонидан ҳозиргача расмий маълумот берилмади.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, 1 июнь куни эрталаб тегишли идоралар иштирокида вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда белгиланган вақтда стикерсиз автомашиналар ҳаракатланишига рухсат берилган ва мазкур йиғилишни самарқандликлар ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида онлайн кузатиб, соат 10:00 гача кўчада ҳаракатланишни бошлаган.

Муайян муддат оралиғида самарқандликларга ҳаракатланишга рухсат берилгани шаҳар ҳокимлигининг Telegram`даги расмий каналида ҳам эълон қилинди. Бу хабар сўнгра интернет сайтлар ва блогерларнинг каналларида тарқатилди.

Аммо бу вақтда тегишли идоралар раҳбарлари ҳам йиғилишда бўлгани ва ҳали ходимларга бу ҳақда буйруқ бўлмагани сабабли, стикерсиз кўчага чиққач машиналар тўхтатилиб, жарима майдончасига жўнатилаверган. Албатта, бу бўйича аниқ изоҳни тегишли бошқармалар маълум қилишади.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят давлат санитария эпидемиология назорати инспекциясида бўлди. Бу ерда ҳам худди шу важ билан машиналари жарима майдончасига киритиб қўйилган бир неча фуқаролар йиғилган экан.