Ирқчиликнинг асаб торлари узилди

20 АҚШ доллари миқдоридаги фирибгарлик операцияси туфайли ҳибсга олинган 46 ёшли Жорж Флойд оқ танли полициячининг тиззаси остида қайта-қайта «Мен нафас ололмаяпман!» деб ёлворганига қарамай, вафот этди. Энг ёмони, ушбу аянчли воқеани бошқа полициячилар томошабин бўлиб кузатиб туришган. 8 дақиқа 46 сония давом этган ушбу оғриқли жараён «Трансатлантик қул савдоси» ва ирқчилик муаммоси билан бошланган африкалик қора танлиларнинг кўп асрлик фожиавий драмасини қайта саҳнага олиб чиқди. Йўловчилар томонидан телефон камерасига муҳрланган тасвирлар олти йил олдин Нью-Йоркда Эрик Гарнер билан содир бўлган воқеани ҳам эсга солиб юборди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги ҳодиса АҚШ корпоратив ва ижтимоий тузилмаларидаги сурункали ирқчиликнинг асаб торларини тамоман узиб юборди. Бутун мамлакат бўйлаб намойишлар бошланиб кетди.

«Мен нафас ололмаяпман» қора танлиларнинг фарёдига айланди

2014 йил июль ойида Статен оролида 6 фарзанднинг отаси, 43 ёшдаги қора танли Гарнер Нью-Йорк полицияси томонидан кўчада ноқонуний сигарет сотаётгани сабабли ҳибсга олинганди. Ўшанда у ҳам «Нафас ололмаяпман» деб ёлворганига қарамай, бўғишда давом этилган, натижада касалхонага етиб бормай вафот этганди.

Гарнер воқеаси биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмасди. Ушбу воқеадан кўп вақт ўтмай, Миссурининг Фергюсон шаҳрида 18 ёшли қора танли Майкл Браун полиция томонидан ўлдирилиши, 2015 йилда Балтиморда ҳибсга олинган 25 ёшли Фредди Грейнинг комада ўлим топиши каби бир қатор воқеалар мамлакат бўйлаб «Қора танлиларнинг ҳаёти қадрли» (BlackLivesMatter) ҳаракатига йўл очган, бир неча кун давомида норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

Гарнернинг «Мен нафас ололмаяпман» деган сўнгги сўзлари эса полиция зўравонлигига қарши намойишларда қора танлиларнинг рамзий шиорларидан бирига айланади. Шу билан бирга, ушбу шиор Америка тарихидаги жирканч зулм ва адолатсизликни умумлаштирувчи ибора сифатида эсда қолди.

Намойишлар ва Covid-19 эпидемияси

Трамп маъмурияти ва Америка жамоатчилиги 3 ойдан бери давом этаётган коронавирус эпидемиясини енгиб ўтиш умидида мамлакат иқтисодиётини очиб, энди нафас олишга чоғланиб турган бир пайтда Флойднинг ўлими улкан норозилик намойишларига сабаб бўлди. Эски, аммо якунланмаган даҳшатли фильмнинг Миннеаполисда такрорланиши, айниқса, Флойднинг ўлим олдидан айтган ўша таниш сўзлари «капалак эффекти»ни юзага келтирди.